Қозоғистонда пахта қабул қилиш ва чуқур қайта ишлаш заводлари қурилади

Мақтаарал туманида бу йил илк бор ғўзанинг янги нави – «Наманган-77» ўзбек чигити экилди.
Ўзбекистоннинг «Globаl Textile» компанияси билан музокаралар олиб борилиб, мазкур корхона Мақтааралда пахта қабул қилиш пунктларини очиш ва 10 минг гектар ердан хомашё қабул қилишни режалаштиряпти. Келгусида пахтани қабул қилиш ва чуқур қайта ишлаш заводларини қуриш ниятида. Энг муҳими, янги пахта навини экиш орқали ғўзанинг энг хавфли зараркунандаларига қарши даволаш харажатлари камайиб, ғўза ҳосилдорлиги ошади, қўшимча даромад кўпаяди.
Туркистон вилояти ҳокими Дархан Сатибалди Мақтаарал туманига амалий ташрифи чоғида бир қатор муҳим объектлар ҳолати билан танишди. «Наманган-77» янги ғўза навини етиштиришни йўлга қўйган фермерлар билан учрашди. Амалга оширилаётган ишларга батафсил тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, вилоят раҳбари «Қозоғистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти»да бўлиб, тажриба маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Олимлар билан учрашди. Вилоят ҳокимига пахта кластерини ривожлантириш, унинг сифатини ошириш, элита ва рақобатбардош маҳаллий пахта навларини жорий этиш масалалари билан таништирилди. Бу борадаги ишларни кучайтириш бўйича топшириқ берилди.
Дархан Сатибалди бу соҳани ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ғоят муҳим эканини айтиб, энг аввало пахта сифатини ошириш зарурлигини таъкидлади.
«Вилоятимиз аҳолисининг шахсий даромадларини ошириш учун янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қилиш керак. Айни пайтда пахта кластерини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бу соҳада йирик завод очмоқчи бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Шу билан бирга, пахта етиштиришда сувни тежаш технологиясини имкон қадар такомиллаштириш зарур. Умуман пахтачилик катта изланиш ва ўрганишни талаб қилади. Вилоят ҳокимлиги пахта кластерини ривожлантириш учун шароит яратади. Бу борада катта режаларимиз бор», - деди вилоят ҳокими Дархан Сатибалди.
Муаллиф: Қайрат Зайнишев