19:08, 20 Октябрь 2022 | GMT +5
Қозоғистонда олимларнинг маоши 70 фоизга оширилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда олимларнинг маоши 152 минг тенгедан 257 минг тенгега ошди. Бу ҳақда ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек маълум қилди, дея хабар беради Kazinform вазирлик матбуот хизматига таяниб.
Бунгача олимларнинг маошлари барқарор эмас ва танлов натижаларига боғлиқ эди. Эндиликда улар грант ва мақсадли молиялаштириш бўйича танлов тартиб-қоидаларидан қатъи назар, мунтазам иш ҳақи оладилар.
Амалга оширилган молиявий ислоҳотлар 1200 га яқин катта олимларнинг иш ҳақини 70 фоизга, яъни 152 минг тенгедан 257 минг тенгега ошириш имконини бермоқда. Бу чора-тадбирлар 74 илмий-тадқиқот институтининг кадрлар ва илмий салоҳиятини, мамлакатимиз олимларининг малакасини оширишга хизмат қилмоқда.
«Вазирлик томонидан илмий тадқиқотчилар учун зарур шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кафедрада олим касбини моддий жиҳатдан жозибадор қилиш, муҳим илмий ғоялар барқарорлиги ва ҳаётга татбиқ этилишини кафолатлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Давлат раҳбарининг топшириғи ижроси доирасида фундаментал фан ва илмий-тадқиқот институтларини базавий молиялаштириш ҳажмини ошириш масаласи ҳал этилди. Фанга оид қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилди»
, - дейди Саясат Нурбек.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда вазирлик томонидан 2023-2025 йилларга мўлжалланган илмий ва илмий-техникавий лойиҳаларни, жумладан, ёш олимларни грант асосида молиялаштириш бўйича тендерлар эълон қилинган.