Ҳукумат одам папиллома вирусига қарши вакцина сотиб олиш учун 9,7 млрд тенгедан ортиқ маблағ ажратди
ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда одам папиллома вирусига (ОПВ) қарши вакцина сотиб олиш ва қайд этилган эмлаш ишларини амалга ошириш учун Ҳукумат захирадан маблағ ажратди. Тегишли қарорни ҚР Бош вазири Олжас Бектенов имзолади, дея хабар беради Ҳукумат расмий сайти.

Маълумотларга кўра, вилоятлар, республика аҳамиятидаги шаҳарлар ва пойтахт бюджетларига 351 минг дозадан ортиқ вакциналарни харид қилиш учун жорий мақсадли трансфертлар кўринишида 9,7 миллиард тенгедан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Одам папиллома вируси келтириб чиқарадиган бачадон бўйни саратони дунёдаги энг кенг тарқалган саратон турларидан бири бўлиб, барча ташхис қўйилган ҳолатларнинг 13,1% ни ташкил қилади. Ҳар йили 300 мингга яқин аёл ундан вафот этади. Қозоғистонда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар орасида саратоннинг бошқа турлари орасида иккинчи ўринда туради. Ҳар йили республикада 1900 га яқин янги ҳолатлар қайд этилиб, 600 дан ортиқ аёллар ушбу патологиядан вафот этади.
Одам папиллома вируси ва бачадон бўйни саратони ривожланишига қарши курашишнинг ягона йўли вакцина олиш. ҚР Миллий вакцинация календарига мувофиқ ва ЖССТ тавсияларини инобатга олган ҳолда, 11 ёшли қизларга одам папиллома вирусига қарши эмлашни 6 ойлик интервал билан икки марта амалга оширилади. Шу билан бирга, Қозоғистонда ОПВ нинг кўпроқ онкоген турларидан ҳимоя қилиш учун тўртвалентли вакцина қўлланилади (6, 11, 16, 18).