Қозоғистонда нефтни қайта ишлаш ҳажми 4,7 фоизга ошди
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Энергетика вазири Ерлан Ақкенженовни қабул қилди
Ақорда матбуот хизмати хабар беришича, Қасим-Жомарт Тоқаевга жорий йилнинг дастлабки ўн ойида ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантиришнинг асосий натижалари, иситиш мавсуми ва келгуси давр учун режалар ҳақида ҳисобот тақдим этилди.
Президентга мамлакатнинг барча ҳудудларида иситиш мавсуми муаммосиз ўтаётгани маълум қилинди.
Электр станцияларини таъмирлаш учун маблағлар 384 миллиард тенгега оширилди. Асосий ускуналар ва тармоқлар таъмирланди, иссиқлик электр станцияларининг эскириш даражаси камайди ва хавфли "қизил зона"даги станциялар сони бештага камайди.
Электр энергияси ишлаб чиқариш 10 ой ичида 2,3 фоизга ўсиб, 102,4 миллиард кВт/соатни ташкил этди.
Ерлан Ақкенженов Давлат раҳбарига нефтни қайта ишлаш ҳажми 4,7 фоизга ошганини ва ёқилғи-мойлаш материалларининг умумий захираси 1,2 миллион тоннага етганини маълум қилди.
Маҳаллий битум ишлаб чиқариш (1,1 миллион тонна) мамлакат ички эҳтиёжини тўлиқ қоплайди.
Чимкент нефтни қайта ишлаш заводининг қувватини йилига 12 миллион тоннагача кенгайтириш ва Атирау вилоятида янги нефть-кимё мажмуасини қуриш лойиҳалари бошланди.
Йил охирига бориб, аҳолини газ билан таъминлаш даражаси 64,5 фоизга етади. Натижада 13,2 миллион фуқаро зангор ёқилғидан фойдаланади.
Қашаған ва Жанаўзенда янги газни қайта ишлаш заводлари қурилиши давом этмоқда. Қорашиғанақ ва Қашағандаги иккинчи газни қайта ишлаш заводлари лойиҳалари бўйича EPC- шартномалари имзоланди.
Давлат раҳбарининг Мурожаатномада белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида вазирлик энергия сарфлайдиган маълумотларни қайта ишлаш марказлари ва сунъий интеллект эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатнинг 2035 йилгача бўлган ягона энергия балансини қайта кўриб чиқишни бошлади. Геологик қидирув ишларини рағбатлантириш учун 112 та кон участкаси электрон аукционга қўйилди. Бу рекорд кўрсаткич.
Шунингдек, Президентга ёқилғи-энергетика комплекси объектларининг рақамли нусхалари ва 1,2 миллион истеъмолчига кўмир етказиб бериш жараёнини кузатиш учун ягона платформа жорий этилгани ҳақида ахборот берилди.
Учрашув якунида Президент Қасим-Жомарт Тоқаев аҳолини энергия ва иссиқлик энергияси билан тўлиқ таъминлаш, ёқилғи ва кўмир бозорлари барқарорлигини қатъий назорат қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини юқори сифатли амалга ошириш бўйича бир қатор топшириқлар берди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдировни қабул қилди.