Қозоғистонда нечта хорижий ОТМларнинг филиаллари бор
ASTANА. Кazinform - Қозоғистонда 19 та хорижий олий таълим муассасалари билан таълим дастурлари амалга оширилмоқда.

Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда Фан ва олий таълим вазирлиги Олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим қўмитаси раиси Гулзат Кўбенова мамлакатда 19 та хорижий олий таълим муассасаси билан таълим дастурлари амалга оширилаётганини таъкидлади. Шунингдек, 8 та хорижий олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Мазкур филиаллар ёшларга, жумладан, қишлоқ ёшларига халқаро стандартлар бўйича олий таълим олиш имконини беради.
Унга кўра, Хериот Уатт университетининг Ақтўбе шаҳридаги филиалида Қозоғистоннинг 9 вилоятидан келган ёшлар таҳсил олмоқда. Бу йил бу ерга Россия Федерациясининг Тула вилоятидан биринчи талаба ўқишга кирди.
“Шимолий Қозоғистондаги Аризона университети филиалида Қозоғистоннинг 18 вилоятидан келган ёшлар таҳсил олмоқда. Шунингдек, Атирау вилоятидаги Губкин университети ва Алмати шаҳридаги МИФИ университети филиаллари муваффақиятли ишламоқда. Жорий йилда мазкур филиаллар 3-марта қабул ўтказмоқда. 2023 йилдан бошлаб Актау шаҳридаги Есенов университетида Германия университетлари консорциуми орқали Доимий инжиниринг институти ташкил этилган. Бундан ташқари, Шарқий Қозоғистонда Бидгош шаҳридаги Иқтисодиёт университетининг филиали, Сеул техника университети билан ҳамкорликда Қизилўрдада эса сунъий интеллект олий мактаби очилди”, — деди Гулзат Кўбенова.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилдан бошлаб Сатбаев университетида дунёнинг энг яхши 100 талигидан жой олган Гонконг СіtyU университетининг икки томонлама диплом таълим дастури амалга оширилмоқда. Яқинда Хитой ва Қозоғистон президентлари томонидан очилган Пекин тил ва маданият университети ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Абай университети негизида Лотарингия университети, Дулати университети негизида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети, Қозоқ миллий Аграр тадқиқот университети негизида Тошкент ирригация ва қишоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти филиаллари иш бошлади.