Қозоғистонда мебел саноатига киритилган инвестициялар ҳажми 63 фоизга ошди
Саноатнинг ўсиш суръати инвестициялар ҳажмининг ошиши билан боғлиқ. Хусусан, январ-сентябр ойлари давомида мебел саноатига 3 миллиард тенгедан ортиқ сармоя киритилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63 фоизга кўпдир.
Инвестициялар янги лойиҳалар ва мавжуд корхоналарни ривожлантиришга қаратилган. Жумладан, жорий йилда Чимкент шаҳрида мебел ишлаб чиқарувчи янги корхона, Шимолий Қозоғистон вилоятида бу саноат учун хом ашёни ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилди.
Ҳудудлар орасида мебел маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринни Алмати шаҳри эгаллайди. Мегаполисдаги ишлаб чиқариш ҳажми - 13,3 млрд тенге. Шаҳарда ушбу соҳада фаолият юритаётган барча корхоналарнинг 30 фоизи тўпланган. Шунингдек, мебел ишлаб чиқариш бўйича етакчилар қаторида Алмати (3,5 миллиард тенге), Қарағанди (3,4 миллиард тенге) ва Павлодар (3,4 миллиард тенге) вилоятлари киради.
Ўтган йили Қозоғистонда мебел маҳсулотлари истеъмол бозори 221 миллиард тенгени ташкил қилди. Мутахассислар аҳолининг ўсиши, миграция, даромадларнинг ортиши, инфратузилманинг кенгайиши, шунингдек, янги турар-жой лойиҳалари ва тижорат бинолари қурилишининг ўсиши ҳисобига мебел маҳсулотларининг жаҳон истеъмоли барқарор ўсишини башорат қилмоқда.
Foto: berlaere.nl