Қозоғистонда ўқув қуролларини сотиб олиш учун моддий ёрдам ота-оналарнинг ҳисоб рақамига ўтказилади

NUR-SULTAN. Кazinform – 300 мингдан ортиқ ўқувчига «Умумий мажбурий таълим» жамғармаси томонидан мактаб формаси ва канцелярия буюмлари сотиб олиш учун моддий ёрдам берилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
None
None

Таълим-маориф вазирлигининг Facebookдаги саҳифасида эълон қилинган маълумотларга кўра, «Умумий мажбурий таълим» жамғармаси доирасида 300 мингдан ортиқ ўқувчи маблағ олди. 475 минг болага моддий ёрдам кўрсатилади.

«Таълим-маориф вазирлиги таълим бошқармалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда таълим вазири тўловларни 23 августгача (шу жумладан) якунлаш бўйича топшириқ берди. Жорий йилдан бошлаб Таълим-маориф вазирлиги моддий ёрдам кўрсатиш қоидаларига ўзгартиришлар киритди. Агар аввалроқ ҳудудларда ажратилган маблағ 17 мингдан 40 минггача бўлган бўлса, жорий йилда бу миқдор камида 37 минг 389 тенгегача оширилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик маълумотларига кўра, ёрдам кўрсатиш механизмига ўзгартиришлар киритилган. Эндиликда ота-оналар фарзандлари билан биргаликда мактаб формаси, пойабзал, канцелярия ва бошқа нарсаларни мустақил танлашлари учун пул маблағлари уларнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади. Бунгача буларнинг барчасини ҳокимликлар сотиб олган ва товарларнинг ҳажми, сифати ва бошқа жиҳатлари билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди.

«Энди ота-оналар ўз фарзандларининг мактаб формаси, канцелярия буюмлари ва пойабзалларини мустақил равишда танлашлари мумкин, бунда пул маблағлари тўғридан-тўғри банк ҳисобига ўтказилади. Бунинг афзаллиги шундаки, бола ота-онаси танлаган кийим билан мактабга бориши мумкин. Бунгача харидлар ҳокимликлар ходимлари томонидан амалга оширилган. Баъзан кийимнинг ўлчами ва сифати билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди. Ҳозир маъмуриятлар маблағ ўтказишни якунламоқда. 37 389 тенге - энг кам миқдор. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари кўрсатилаётган ёрдам миқдорини ошириши мумкин, лекин уни камайтиришга ҳақли эмас. Айрим ҳокимликлар бу суммадан кўпроқ пул ажратмоқда, масалан, Алмати шаҳрига 43 минг тенгедан. Биз буни фақат олқишлаймиз, - деди Таълим-маориф вазирлигининг Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Дулат Жекебаев.

« Умумий мажбурий таълим» жамғармаси ҳисобидан махсус ижтимоий ёрдам олувчи оилаларнинг фарзандлари, шунингдек ижтимоий ёрдам олмайдиган, лекин аҳоли жон бошига ўртача даромади энг кам яшаш даражасидан паст бўлган оилаларнинг фарзандлари, етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар, фавқулодда вазиятларда ўқувчилар ва бошқаларга ёрдам кўрсатилишини эслатиб ўтамиз.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар