Қозоғистонда қулупнай нархи қанча
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда қулупнай мавсуми бошланди. Бироқ унинг нархи ҳудудларга қараб турлича. Одатдагидек, энг арзон нарх жанубий ҳудудларда кузатилмоқда. Ғарбий ҳудудлардаги шаҳарларда эса нарх юқори, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Бу йил баҳорда ҳудудларда қулупнайнинг бир килоси 1 100 – 4 500 тенге оралиғида сотиляпти. Нархларни солиштирганда фарқ тўрт баравар эканини кўриш мумкин. Бунга логистика, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қуввати ва ташиш масофаси таъсир қиляпти.
Мамлакат бўйича нарх жанубий ҳудудларда паст. Энг арзон қулупнай Қизилўрда шаҳрида сотиляпти. Қулупнайнинг бир килоси 1 100 – 1 800 тенге. Туркистонда бир кило қулупнай 1 200 – 1 500 тенге, Чимкентда эса 1 200 – 2 200 тенге. Тараз шаҳрида 1 300 – 2 000 тенге бўлса, Талдиқўрғонда 1 600 – 1 800 тенгеден сотиляпти. Шунингдек, Қарағанди шаҳрида ушбу меванинг бир килоси 1 500 – 2 500 тенге оралиғида сотилади.
Астана, Алмати, Қонаев, Павлодар, Петропавл, Кўкшетау, Жезқазған, Қостанай ва Орал шаҳарларида нарх ўртача. Алмати шаҳрида қулупнайнинг бир килоси 1 800 – 2 500 тенге оралиғида. Қонаев шаҳрида ҳам худди шу нарх сақланган.
Павлодар шаҳрида нарх 1 800 – 2 200 тенге, Астанада эса 2 000 – 3 200 тенге оралиғида. Петропавлда қулупнайни 2 000 – 2 800 тенгега, Кўкшетауда эса 2 400 – 2 700 тенгега сотиб олса бўлади. Жезқазғанда нарх 2 000 – 3 000 тенге, Қостанай ва Оралда эса 3 500 тенгеден бошланади.
Мамлакатнинг ғарбий ҳудудларида нарх юқори. Атирау шаҳрида қулупнайнинг бир килоси 4 500 тенгега етган. Ақтўбе шаҳрида нарх 3 500 – 4 500 тенге оралиғида. Ақтау шаҳрида меванинг бу турини 3 000 – 4 000 тенгега сотиб олиш мумкин. Шунингдек, Шарқий Қозоғистондаги шаҳарларда, жумладан Ўскемен ва Семейда нарх 2 700 – 3 000 тенге оралиғида.
Мутахассислар нархлар ўртасидаги фарқни транспорт харажатлари ва мавсумий етказиб бериш билан изоҳлаяпти. Жанубий ҳудудларда қулупнай эрта пишади. Бу ерда иссиқхона хўжалиги яхши ривожланган. Ғарбий ва шимолий ҳудудлар эса бошқа вилоятлардан маҳсулот келтиради, баъзан импорт ҳам қилади.
Ҳозир қулупнай оммавий равишда етиштириляпти. Шу сабабли яқин кунларда нарх пасайиши мумкин.