Қозоғистонда коллеж талабалари стипендиялари 2025 йилга қадар икки баравар ортади

Коллеж
Фото: Kazinform

2025 йилгача коллеж талабалари стипендиялари икки баравар оширилади. Бу ҳақда ҚР Бош вазир Алихан Смаилов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

“Ривожланган мамлакатларда кадрлар тайёрлаш тизимига, жумладан, касб-ҳунар ва техник таълим сифатини оширишга устувор аҳамият берилади. Бу муаммо Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари декларациясида белгилаб берилган. Умумий жаҳон тажрибасига кўра, давлат ёшларнинг меҳнат бозорига кириб, биринчи касб-ҳунар эгаллашини кафолатлайди. Шу билан бирга, иқтисодий муваффақиятлари дуал таълим тизимига асосланган Германия давлатини мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Биз 9-синф битирувчиларига коллежда бепул ўқиш имкониятини яратдик, – деди Ҳукумат раҳбари.

Унга кўра, сўнгги 3 йилда кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмалари ҳажми ошган.

Агар илгари коллежларда бюджет ҳисобидан 95 минг талаба таҳсил олган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 133 минг нафарга етди.

“Биз давлат буюртмасини оширишда давом этамиз. Бу йил коллеж талабаларининг стипендиялари 50 фоизга ошди. 2025 йилгача стипендия икки баробарга оширилади. “Ёш мутахассис” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 180 та коллежни қайта жиҳозлаш учун республика бюджетидан 48 миллиард тенге ажратилди”, — деди Алихан Смаилов.

Сўнгги хабарлар