Қозоғистонда қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш учун 900 миллиард тенге ажратилди
ASTANA. Кazinform - Жорий йилда қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантириш учун 900 миллиард тенге ажратилди. Бу ҳақда бугун Ҳукумат йиғилишида ҚР Бош вазири ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров маълум қилди.

«Қишлоқ - юрт бешиги» дастурининг амалга оширилиши қишлоқларга хусусий сармояларни жалб этишда ижобий самара бермоқда. Вазирлик томонидан 2023 йилда бюджет маблағлари самарадорлиги таҳлили ўтказилди. Масалан, Туркистон вилояти Тўлеби туманидаги 16 та қишлоқ бюджетдан 3,5 миллиард тенгега молиялаштирилди. Мазкур қишлоқларда 21,2 миллиард тенгелик 40 та лойиҳани амалга оширишга хусусий сармоя жалб этилди. Шундай қилиб, 1 бюджет тенгеси учун 6 хусусий инвестиция тенгеси тўғри келишини кўрамиз. Ақмола вилоятининг Жақси туманидаги 6 та қишлоққа эса 1 бюджет тенгеси учун 3 та хусусий инвестиция тенгеси жалб этилди”, — деди у.
Вазир қишлоқлар ривожига сармоя киритаётган хусусий тадбиркорларнинг ўрни муҳим эканини ҳам таъкидлади.
“2023 йилда тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан қишлоқ жойларда мактаб, санаторий, болалар боғчаси, аҳоли дам олиш масканлари ва бошқа объектлар қурди. Ҳар йили вазирлик томонидан қишлоқлар инфратузилмасини ривожлантиришга барча молиявий манбалар ҳисобидан ажратилаётган маблағлар мониторинги олиб борилмоқда. Масалан, 2023 йилда республика ва маҳаллий бюджетлар ҳамда бошқа молиявий манбалар ҳисобидан қарийб 1 триллион тенге ижтимоий, муҳандислик, транспорт инфратузилмасини, жамоат ва экологик хавфсизликни ривожлантиришга йўналтирилган. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун 900 миллиард тенгега яқин маблағ ажратилиши режалаштирилган”, — деди Нурлан Байбазаров.