Қозоғистонда қишлоқ хўжалигини субсидиялаш электрон форматга ўтказилади

ASTANA. Кazinform - Мамлакатда қишлоқ хўжалиги учун давлат субсидияларини олиш жараёни осонлашади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.
None

«Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, 160 дан ортиқ мутахассисдан иборат ишчи гуруҳ қишлоқ хўжалиги соҳасини субсидиялаш масалаларини ўрганмоқда. Ҳозиргача 9 та учрашув ўтказилди. Соҳа мутахассисларининг мурожаат ва таклифлари инобатга олиниб, субсидиялар бўйича ўзгартиришлар киритилди. Дарвоқе, мазкур соҳада коррупциянинг олдини олиш мақсадида субсидия тўлиқ электрон форматга ўтказилади. Яъни, субсидия олиш учун ариза бериш, миқдорни қабул қилиш ва тасдиқлаш шахснинг иштирокисиз амалга оширилади», — деди Ербол Қарашўкеев Парламентда бўлиб ўтган давра суҳбатида.

Вазирнинг сўзларига ишонадиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги соҳасини субсидиялаш жараёни аввал 3-4 ой давом этган бўлса, энди бу муддат 1 ойгача қисқартирилади.

«Назорат қилувчи органларнинг огоҳлантиришларига эътибор қаратилиб, самарасиз, аҳамиятсиз ва назорат қилиш қийин бўлган субсидия турлари қисқартирилди. Маблағлар ажратишга келсак, қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун аввалги миқдорлар сақланиб қолади. Йўналишга қараб 15 фоиздан 80 фоизгача инвестиция субсидиялари берилади», - деди у.

Дарвоқе, Парламентда «Агросаноат комплексини субсидиялашнинг янгича ёндашувлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари қишлоқ хўжалигини субсидиялаш муаммолари, импорт ўрнини босиш истиқболлари, маҳсулотлар нархини шакллантириш ва бошқа масалаларни муҳокама қилмоқда.

Муаллиф: Даулет Изтилеуов


Сўнгги хабарлар