Қозоғистонда қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаш учун қандай ишлар қилинмоқда
ASTANА. Кazinform - Жорий йилда 500 дан ортиқ қишлоқда 1,4 мингта лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда бугун Ҳукумат йиғилишида ҚР Бош вазири ўринбосари - Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров маълум қилди.

“Қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаш, ҳудудий стандартлар билан таъминлаш даражасини ошириш мақсадида вазирлик томонидан тегишли давлат органлари ва ҳокимликлар билан ҳамкорликда қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг Фармонига мувофиқ, Ҳукумат томонидан Қозоғистон Республикасининг 2023-2027 йилларда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Концепция қишлоқ жойларининг географик хусусиятлари ва рақобатдош устунликларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини очишга қаратилган. Концепцияда аҳолига маиший хизматлар кўрсатишдаги номутаносибликни камайтириш, қишлоқ аҳолисининг даромад даражасини ошириш, чегарага яқин ҳудудларни ва қишлоқларни ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни тизимлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди”, - деди вазир.
Нурлан Байбазаровнинг таъкидлашича, 2023 йилда марказий ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан концепцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасига мувофиқ комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Масалан, «Қишлоқ – юрт бешиги» дастури доирасида 771 қишлоқда 194 миллиард тенгелик 1,8 минг лойиҳа амалга оширилди. Шунингдек, 113 миллиард тенгега 4,9 мингта сув таъминоти ва сув чиқариш иншоотлари қурилиб, 85 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами бинолари ташкил этилди. 176 қишлоқ Wi-Fi hotspot технологиясига уланди ва Starlink сунъий йўлдош тизимидан фойдаланган ҳолда чекка қишлоқ мактабларини интернет тармоғига улаш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилди. “Қишлоқ омонати” лойиҳаси доирасида 79 миллиард тенгега 12,7 минг дона имтиёзли кичик кредитлар ажратилди.
“Ҳудудлар хусусиятларидан келиб чиқиб, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш бўйича йўл хариталари тасдиқланди. Ёш мутахассисларни қишлоқларга кенг жалб этиш мақсадида “Диплом билан қишлоққа” лойиҳаси бўйича бюджет кредитлари миқдори бюджет кредити кўрсаткичлари 1500 БҲМдан 2500 БҲМга оширилди ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилди. Қишлоқларда инфратузилмавий муаммоларни ҳал этишнинг асосий воситаларидан бири “Қишлоқ – юрт бешиги” дастурини амалга оширишдир. 2019-2023 йилларда умумий дастур бўйича республика бюджетидан 524 миллиард тенге маблағ ажратилиб, 1,8 минг таянч ва йўлдош қишлоқларда 5,4 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Бу уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида 578 та объект, 1,7 минг ижтимоий соҳа объекти ва 3 мингдан ортиқ қишлоқ автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш имконини берди. Дастурга кўра, жорий йилда республика бюджетидан 179 миллиард тенге ажратилиб, 500 дан ортиқ қишлоқда 1 минг 400 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган”, — деди Нурлан Байбазаров.