Қозоғистонда қайта ишлаш саноати лойиҳаларини молиялаштириш дастури ишга туширилди
«Дастур 2020-2025 йилларга мўлжалланган саноат-инновацион ривожланиш концепцияси доирасида кичик ва ўрта бизнесни арзон молиялаштиришга қаратилган. Дастурда кўзда тутилган маблағларнинг умумий миқдори 50 миллиард тенгени ташкил этади. Қайта ишлаш саноати соҳасидаги маҳаллий корхоналарни лизинг ва кредитлаш воситалари орқали молиялаштириш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, кредит миқдори лизинг суммасидан ошмаслиги керак.
Лойиҳаларни кўриб чиқишда асосий устуворлик мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш имконини берувчи корхоналарга берилади», — дейилади жамғарма матбуот хизмати хабарида.
Дастурнинг асосий талаблари:
- молиялаштириш муддати - 10 йилгача;
- фоиз ставкаси - йилига 3 фоиз;
- молиялаштириш миқдори - 80 миллион тенгедан 3 миллиард тенгегача;
- Дастурда иштирок этаётган тадбиркор лойиҳа қийматининг камида 15 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан сарфлайди.
Муаллиф: Алихан Асқар