Қозоғистонда қанча 5G таянч станциялари ўрнатилган

Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги мамлакатда ўрнатилган 5G таянч станциялари сони ҳақида маълум қилди, дея хабар беради Каzinform мухбири.

5G
Фото: gov.kz

- 2023 йил учун белгиланган лицензия мажбуриятларига мувофиқ, алоқа операторлари Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарларида 391 та 5G таянч станцияларини ўрнатишни режалаштирмоқда. Ҳозирда алоқа операторлари томонидан 677 та 5G таянч станциялари ўрнатилди. Шу тариқа, Астанада 116 та, Алмати ва Чимкент шаҳарларида мос равишда 326 ва 114 та таянч станциялари ўрнатилди, - дея маълум қилди вазирлик Кazinform таҳририяти расмий сўровига жавобан.

Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш ва аэрокосмик саноат вазири Бағдат Мусин таъкидлаганидек, 2027 йилга бориб республика аҳамиятига молик ҳар бир шаҳарни қамраб олиш 75 фоизни, вилоят марказларини қамраб олиш эса 60 фоизни ташкил этади. Ҳар йили 780 та таянч алоқа станцияларини ўрнатиш режалаштирилган.

Йиллик Global Mobile Economy Reportга кўра, 5G мобил тармоқларнинг олдинги авлодларига қараганда тезроқ қабул қилинган. 2023 йил январь ҳолатига кўра, дунё бўйлаб 87 та бозордаги 229 та оператор 5G мобил хизматларини ишга туширди. 2023 йил давомида 30га яқин янги бозорлар 5G мобил хизматларини ишга туширади. Умуман олганда, 2025 йилга келиб, бешинчи авлод тармоғи барча мобил уланишларнинг бешдан бир қисмини эгаллаши ва ҳар беш кишидан иккитаси 5G тармоғига уланиши тахмин қилинмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бешинчи авлод тармоғи барча олдингиларидан энг тез ўсиб бораётган тармоқдир.

Сўнгги хабарлар