Қозоғистонда IT-мутахассисларининг маоши 54 фоизга ошди
ASTANA. Kazinform - Бугунги кунда Қозоғистонда 18 мингдан ортиқ IT-компания фаолият юритмоқда. Кейинги уч йилда уларнинг сони 16 фоизга ошди. Бу ҳақда ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев маълум қилди.
“IT-соҳасини ривожлантириш бўйича фаол ишлар олиб бориляпти. Бу инфратузилмани, инсон капиталини ривожлантириш, инновацион муҳитни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва венчур капитални оширишдир. Жорий йилда маҳаллий IT-саноати жадал ривожланишда давом этяпти. Мамлакатда 18 мингдан ошиқ IT-компаниялар ишлайди ва кейинги уч йилда уларнинг сони 16 фоизга ошди. Бу даврда IT-мутахассисларининг иш ҳақи 54 фоизга ошиб, ойига ўртача 673 минг тенгега етди. Бу малакали кадрларга бўлган талаб ва рақобатбардош меҳнат шароитларидан далолат беради”, - деди Жаслан Мадиев Ҳукумат йиғилишида.
Вазирнинг сўзларига кўра, бугунги кунда IT соҳасида 187 минг нафар (12 фоиз) меҳнат қилади.
“2018 йилда «Astana Hub» халқаро технопарки ишга туширилди. Бугунги кунда Astana Hub сезиларли ўсишни кўрсатяпти. Бу Қозоғистонда IT-стартапларни ривожлантириш маркази сифатидаги ролини тасдиқлайди. Технопарк 1,5 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирди. Уларнинг 1 102 таси маҳаллий ва 437 таси хорижий компаниялардир. Иштирокчиларнинг умумий даромади 1,2 триллион тенгега етди, кейинги беш йил ичида бу кўрсаткич 31 баробар ошди. Жорий йилнинг уч чорагида экспортдан тушган даромад 143 миллиард тенгега етди”, — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Ҳукумат раҳбари Олжас Бектенов Америка компанияси раҳбари билан IT-ечимларни ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилган эди.