Қозоғистонда ислом давлатларининг қишлоқ хўжалиги биохилма-хиллигини сақлайдиган Генетик банки ташкил этилади
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Арман Исағалиев Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти (ОХИТ) Бош директори Берик Арин билан учрашди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Учрашув давомида томонлар Ташкилотга аъзо давлатларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган Қозоғистон ва ОХИТ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
А. Исағалиев ОХИТни ташкил этиш ташаббускори ва ҳозирги раиси сифатида Қозоғистон унинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва халқаро нуфузини янада оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, ОХИТ Бош директори бир қатор мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот берди. Жумладан, Қозоғистон ҳудудида Ташкилотга аъзо давлатларнинг қишлоқ хўжалигидаги биохилма-хилликни сақлашга қаратилган Генетик банкини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида ахборот берилди.
Учрашув якунида томонлар Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал этиш мақсадида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Бундан аввал Қозоғистон ва Финляндия стратегик хомашё бўйича янги технологияларни синовдан ўтказиши ҳақида ёзган эдик.