Қозоғистонда илмий даражага эга бўлган педагоглар ва ходимлар учун қўшимча тўлов миқдори ошиши мумкин

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда илмий даража ва унвонга эга бўлган ўқитувчи ва илмий ходимларга давлат бюджетидан тўланадиган қўшимча тўловлар миқдорини ошириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Бу ҳақда ҚР Фан ва олий таълим вазирлиги маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Мамлакат Президенти томонидан 2021 йил 15 ноябрда имзоланган қонун доирасида етакчи олимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш базавий молиялаштиришга киритилди. Шунингдек, фанни молиялаштиришнинг янги тури – фундаментал илмий тадқиқотларни амалга оширувчи илмий ташкилотларни молиялаштириш жорий этилди, илмий, илмий-техникавий лойиҳа ва дастурларни давлат томонидан молиялаштириш муддатлари 5 йилгача узайтирилди. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида олимларнинг ўртача маоши 152 минг тенгедан 257 минг тенгега кўтарилди. Ҳозир энг кам иш ҳақи 120 минг тенге, энг юқориси 500 минг тенге», – дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, ўтган йил ноябрда Сенатнинг бир қатор депутатлари «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фан масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган эди. Қонун лойиҳаси доирасида ўқитувчилар ва илмий ходимларга асосий иш ўрни учун давлат бюджетидан тўланадиган қўшимча тўловлар миқдорини ошириш кўзда тутилган.

«Шундай қилиб, айни пайтда вазирлик томонидан илмий даража ва илмий унвонга эга бўлган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларга асосий иш жойидаги қўшимча тўловни давлат бюджети ҳисобидан ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Меҳнат кодексига кўра, илмий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш иш берувчи томонидан белгиланади. Шу муносабат билан олимларнинг маошлари илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари томонидан тасдиқланади», – дейилади бошқарманинг расмий жавобида.

Муаллиф: Алихан Асқар

Сўнгги хабарлар