2026 йил 25 сентябрь – Қозоғистон Республикасида Умуммиллий мотам куни

Қозоғистонда иқлимга чидамли уйлар қуриладими

ASTANA. Kazinform — Иқлим ўзгариши шаҳарларни қандай режалаштириш ва қуришга нисбатан янги талабларни юзага келтирмоқда. Ҳаддан ташқари иссиқ, сув танқислиги, кучли ёмғир каби хавфлар кучайиб бораётган бир пайтда Қозоғистон шаҳарлари уларга мослашишга тайёр бўлиши керак. Бунинг учун қурилиш ва шаҳар инфратузилмасида қандай ечимлар зарур? Kazinform мухбири мавзуни мутахассислар билан биргаликда таҳлил қилди.

климатқа төзімді үйлер
Коллаж: Kazinform/ЖИ

Шаҳарлар иқлим ўзгаришига қандай мослашиши керак?

Иқлим ўзгаришига мослашиш шаҳарни режалаштиришдан бошланади. Асфальт ва бетоннинг ҳаддан ташқари кўплиги, яшил ҳудудларнинг камлиги ҳамда қурилиш зичлигининг ортиши шаҳарнинг қизиб кетишини кучайтиради. Сув ўтказмайдиган қопламалар эса кучли ёмғир пайтида сувнинг тупроққа сингишини чеклаб, кўчалар ва ҳовлиларда сув тўпланиши хавфини оширади. Шунинг учун иқлимга мослашиш масаласи янги бино лойиҳасидан олдиноқ шаҳарнинг ҳудудий режалаштириш жараёнида ҳисобга олиниши зарур.

Масалан, Алматининг 2040 йилгача бўлган Бош режасида кўкаламзорлаштириш ҳудудларини кенгайтириш, табиий мажмуаларни сақлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва шаҳарнинг ҳудудий тузилишини такомиллаштириш вазифалари назарда тутилган.

“Шаҳар ҳудудини режалаштиришда функционал ва экологик зоналар билан бир қаторда, сувни муҳофаза қилиш ҳудудлари, муҳандислик-геологик шароитлар ва шамол йўналиши ҳам ҳисобга олинади. Бундай талабларнинг барчаси иқлимий хавфларни камайтиришга қаратилган”, — дейилади Алмати шаҳар қурилиш бошқармаси жавобида.

үй
Коллаж: Kazinform/ЖИ

Мутахассислар лойиҳаларни кўриб чиқиш жараёнида аэродинамик моделлаштириш орқали шамол оқимининг ҳаракатини баҳолашларини таъкидламоқда. Бу усул биноларни жойлаштиришда табиий ҳаво алмашинувини сақлаш имконини беради. Шаҳарда қурилиш зичлиги қанчалик юқори бўлса, айниқса иссиқ даврда шамол айланиши ва микроиқлимнинг аҳамияти шунчалик ортади.

Шаҳар муҳитининг қизиб кетишини камайтириш учун режалаштириш босқичида яшил томлар, вертикал кўкаламзорлаштириш, оч рангли қурилиш материаллари, сув ўтказувчан қопламалар ва ёмғир боғлари каби ечимлардан фойдаланиш мумкин. Бундай ёндашувлар бир томондан ёзги иссиқ таъсирини камайтирса, иккинчи томондан ёғингарчилик пайтида сувни тўплаб, унинг шаҳар тизимига тушадиган юкини камайтириш имконини беради. Яъни кўкаламзорлаштириш ва сув инфратузилмаси иқлимга мослашишнинг бир қисми сифатида қаралиши керак.

Шаҳарни полицентрик тамойил асосида ривожлантириш ҳам иқлим нуқтаи назаридан муҳим. Аҳоли иш, таълим, хизмат кўрсатиш ва дам олиш жойларига узоқ масофаларни босиб ўтишга камроқ эҳтиёж сезса, транспортга қарамлик ва йўлларга тушадиган юклама пасаяди. Шу билан бирга, тоғ этакларидаги ҳаддан ташқари зич қурилишни чеклаш ва ўзаро боғланган яшил ҳудудларни сақлаш шаҳар микроиқлимини яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин.

Урбанист, «Vision Zero Community Foundation» жамғармаси раҳбари Ерқанат Зайитовнинг айтишича, энергия самарадорлиги юқори бўлган бинонинг ўзи ҳам нотўғри режалаштирилган ҳудудда жойлашса, аҳоли учун зарур қулайликни тўлиқ таъминлай олмайди.

рқанат Зайытов
Фото: Ерқанат Зайытовтың жеке мұрағатынан

“Агар бино атрофида асфальт ва автотураргоҳлар кўп, дарахтлар кам ва ҳаво айланиши ёмон бўлса, ёз фаслида уй атрофидаги ҳарорат кўтарилиб, унинг ички қисми ҳам қаттиқ қизиб кетиши мумкин. Шунинг учун энергия самарадорлигини фақат бинонинг деворлари, деразалари ёки иситиш тизими билан чекламасдан, унинг атрофидаги ҳовли, кўча ва умуман ҳудуднинг режалаштирилишини ҳам биргаликда кўриб чиқиш зарур”, — деди урбанист.

Бу ерда дарахтларни сақлаш ҳам муҳим. Катта дарахтлар нафақат соя беради, балки шаҳар ҳудудидаги ҳароратни пасайтиришга ҳам ёрдам беради. Шунинг учун айниқса пиёдалар йўлаклари, ҳовлилар, болалар майдончалари ва жамоат транспорти бекатлари яқинидаги дархтларни сақлаш, янги ҳудудларни режалаштиришда эса бинолар орасидаги масофалар нисбати, биноларнинг йўналиши, сояли пиёда маршрутлари ва яшил коридорларни олдиндан назарда тутиш керак.

Қурилиш жараёнида иқлим ўзгаришини ҳисобга олиш муҳим

Алмати бош режаси муассасаси мутахассисларининг айтишича, бинонинг жанубий ва ғарбий қисмларида ташқи соялаш тизимисиз катта ойнаванд юзалардан фойдаланиш ёз фаслида ички хоналарнинг ҳаддан ташқари қизиб кетишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун қуёшдан ҳимоя қилувчи ойна, соялаш элементлари ва лоджияларни кейинги босқичда эмас, балки лойиҳалаш жараёнидаёқ назарда тутиш мақсадга мувофиқ.

“Шамоллатиладиган фасадлар, сифатли иссиқлик изоляцияси материаллари ва тўғри ҳисобланган ташқи тўсиқ конструкциялари қишда иссиқликни сақлашга, ёзда эса биноларнинг ҳаддан ташқари қизиб кетишини камайтиришга имкон беради. Энергия самарадорлиги — иқлимга мослашишнинг муҳим воситаларидан бири”, — дейилади муассасанинг таҳририятга йўллаган жавобида.

құрылыс
Коллаж: Kazinform/ЖИ

Эколог, барқарор ривожланиш бўйича эксперт Лаура Сейилбекнинг фикрича, бинони лойиҳалашда фақат ўтган йиллардаги иқлим шароитларига таяниш етарли эмас. Чунки янги турар жой ёки жамоат объекти бир неча ўн йил давомида фойдаланилиши мумкин, бу даврда эса ҳарорат режими, ёғингарчилик хусусияти ва сув ресурсларининг мавжудлиги ўзгариш эҳтимоли катта. Шунинг учун бинодан 20-30 йил фойдаланиш давридаги иқлим шароитларини олдиндан баҳолаб, мослашув чораларини лойиҳанинг дастлабки босқичиданоқ киритиш зарур.

“Бу тамойил нафақат янги қурилишга тааллуқли. Ҳозирнинг ўзида фойдаланилаётган турар жой фондини иқлим ўзгаришига мослаштириш масаласи ҳам долзарб бўлиб бормоқда. Иссиқлик изоляциясини яхшилаш, деразаларни янгилаш, томлар ва фасадларни таъмирлаш, муҳандислик тизимларини автоматлаштириш каби чоралар биноларнинг иқлимий барқарорлигини ошириши мумкин.

Янги лойиҳаларда энергия самарадор муҳандислик тизимлари билан бир қаторда, фасаднинг герметиклиги, сифатли деразалар, яшил ҳовлилар ва вентиляция тизимлари учун зарур инфратузилма ҳам олдиндан ҳисобга олиниши керак. Келажакда бино ичидаги микроиқлимни автоматик тартибга солиш, сувдан қайта фойдаланиш ва муҳандислик тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш каби технологияларнинг аҳамияти янада ортади”, — деди спикер.

Лаура Сейілбек
Фото: Лаура Сейілбектің жеке мұрағатынан

Экспертнинг фикрича, мамлакатнинг барча ҳудудларида бир хил қурилиш ечимларини қўллаш мумкин эмас. Алмати учун сейсмик шароит ва тоғли рельеф муҳим бўлса, Астана учун шамолнинг кучлилиги ва узоқ давом этадиган совуқ даврни ҳисобга олиш зарур. Жанубий ҳудудларда ёзги иссиқ ва сув танқислиги долзарб бўлса, Каспийбўйи ҳудудларида ер ости сувлари ва тупроқ хусусиятлари муҳим аҳамиятга эга. Ғарб ва чўлга яқин ҳудудларда эса қурғоқчилик, чанг ва қум бўронлари каби омиллар қурилиш стандартларига таъсир қилиши мумкин.

Энергия самарадорлиги: иқлимга мослашишнинг иқтисодий жиҳати

Биноларнинг энергияни кўп истеъмол қилиши иқлим масаласини иқтисодий ва инфратузилмавий масалага ҳам айлантирмоқда. Қозоғистонда энергия истеъмолининг қарийб 40 фоизи биноларга сарфланади, унинг салмоқли қисми турар жой секторини иситишга сарфланади.

GIZ (Германия халқаро ҳамкорлик жамияти)нинг Қозоғистондаги лойиҳалар бўйича раҳбари Дана Ермолёнокнинг айтишича, энергия истеъмоли юқорилигининг асосий сабабларидан бири — мамлакатдаги биноларнинг салмоқли қисми ўнлаб йиллар аввал қурилганидир. Уларни иситиш учун кўп энергия талаб этилади.

баспана
Инфографика: Kazinform

Шунинг учун турар жой фондини модернизация қилиш ҳам энергия харажатларини, ҳам биноларга иқлимнинг таъсирини камайтиришнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

“Эски биноларда иссиқлик истеъмоли ўртача 200-250 кВт·соат/м² даражасига етиши мумкин, замонавий энергия самарадор биноларда эса бу кўрсаткич анча паст. Бундай фарқ фақат коммунал тўловларга таъсир қилмайди. Ёқилғи кам сарфланса, энергетика тизимига тушадиган юклама ва иссиқхона газлари чиқиндилари ҳам камаяди”, — деди Дана Ермолёнок.

Дана Ермоленок
Дана Ермоленок. Фото: qazaqgreen.com

Экспертнинг фикрича, бу йўналишда турар жойларни модернизация қилишга қаратилган лойиҳалардан бири — FELICITY II дастури. У шаҳарлар ва муниципалитетларга паст углеродли инфратузилма лойиҳаларини тайёрлаш, техник масалаларни ҳал қилиш ва инвестициялар жалб этиш йўналишларида кўмак беради. Лойиҳалар доирасидаги моделлаштириш натижалари биноларни модернизация қилишнинг ўзи қурилиш материаллари, муҳандислик ишлари ва профессионал хизматларга бўлган талабни ошириб, иқтисодий фаолликка таъсир қилишини кўрсатяпти.

“Энергия самарадорлиги учун фақат фасадни изоляция қилишнинг ўзи етарли эмас. Бинонинг иссиқлик контури, деразалар сифати, герметиклиги, иситиш тизимини бошқариш, вентиляция ва муҳандислик тизимларининг ўзаро мувофиқлиги биргаликда кўриб чиқилиши керак. Ёз фаслида биноларнинг йўналиши, ташқи соялаш ва тунги табиий шамоллатиш ҳам совитиш тизимларига тушадиган юкламани камайтиради”, — деди спикер.

«Қозоғистон қурувчилар уюшмаси»нинг Астанадаги филиали директори, турар жой девелопменти соҳасидаги эксперт, «Renome» компаниялар гуруҳи бош директори Вячеслав Лазаревнинг айтишича, биноларнинг базавий энергия самарадорлигини қўшимча харажатларсиз таъминлаш мумкин.

“Иссиқлик изоляциясини яхшилаш, энергия тежовчи деразалар ўрнатиш ва муҳандислик тизимларини тўғри бошқариш дастлабки харажатларни оширса-да, кейинчалик энергия сарфини камайтириш ҳисобига ўзини оқлайди. Тарифлар ошиши шароитида бундай ечимларнинг иқтисодий самарадорлиги янада ортади. Келгусида томларга қуёш панелларини ўрнатиш каби қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқиш зарур”, — деди Вячеслав Лазарев.

Вячеслав Лазарев
Фото: Вячеслав Лазаревтің жеке мұрағатынан

Қозоғистонда яшил ипотека воситаларини ривожлантириш йўналишида Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ишлар олиб бориляпти. Бироқ бу ерда асосий эътиборни нафақат янги турар жойлар қурилишига, балки мавжуд турар жой фондини модернизация қилишга ҳам қаратиш лозим. Чунки биноларнинг салмоқли қисми эски бўлгани сабабли, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш иқлимга мослашишнинг катта захираси ҳисобланади.

Мамлакатимиздаги биноларнинг тахминан учдан бир қисми 50 йил аввал қурилган, яна бир қисми эса 25 йилдан ортиқ вақт аввал барпо этилган объектларга тўғри келади. Бу турар жой фондини босқичма-босқич модернизация қилиш зарурлигини кўрсатади.