Қозоғистонда фермерларга 2,5 фоизли кредит бериш шартлари тасдиқланди
Ҳужжатда қайд этилишича, маҳаллий ҳокимликлар бюджет кредити маблағларини ваколатли вакилга топшириқ шартномаси бўйича беради. Бу кредит эса маҳаллий ҳокимликнинг ўзига республика бюджетидан йиллик 0,01 фоиз ставка билан берилади.
Ушбу кредит маҳаллий маъмуриятнинг лойиҳа ташаббускорларига 10 йилгача бўлган муддатга, энг юқори миқдори 5 миллиард тенгедан, номинал йиллик фоиз ставкаси 2,5 фоиздан кўп бўлмаган ҳолда, янги лойиҳаларни яратиш учун берилиши керак. Агросанот комплекси соҳасидаги лойиҳаларни ишга туширишга ёки мавжудларини кенгайтириш учун берилиши лозим.
Кредит сўраладиган лойиҳалар қуйидаги йўналишларни қамраб олиши керак:
товар сут фермалари (қуввати 400 бошдан);
гўштга йўналтирилган паррандачилик фабрикалари (йилига 5000 тонна парранда гўштидан);
сабзавот сақлаш омборлари (1000 тоннадан);
замонавий сув тежовчи технологиялардан (ёмғирли ва томчилатиб суғориш) фойдаланган ҳолда суғориладиган деҳқончилик (картошка ва сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш).
Қарз олувчининг гаровга қўядиган мол-мулки бўлиши керак.
Шунингдек, асосий қарзни тўлаш учун 24 ойдан ортиқ бўлмаган имтиёзли давр берилади.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай