Қозоғистонда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун грантлар ажратилади

NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Тамара Дуйсенова Нур-Султан шаҳридаги ёшлар ташкилотлари фаол вакиллари ва ёш тадбиркорлар билан учрашди, дея хабар беради Kazinform вазирлик матбуот хизматига таяниб.
None
None

Вазир Давлат раҳбари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, ёш тадбиркорларнинг ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида вазирлик фаолияти йўналишларига тўхталиб ўтди.

Ёшлар ташкилотлари фаол вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Тамара Дуйсенова давлат томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш борасида бир қанча ташаббуслар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда Электрон меҳнат биржасида 105 мингдан ортиқ бўш иш ўрни таклиф этилмоқда. Шунингдек, биржада миллий лойиҳалар бўйича ягона бўш иш ўринлари платформаси ишга туширилди.

Вазир аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган яна бир муҳим чора – ёшларни йирик саноат корхоналарига ишга жойлаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Унга илк бор ERG компаниялар гуруҳи қўшилди ва бўш иш ўринлари рўйхатини Электрон меҳнат биржасига жойлаштирди. Келгусида биржада бўш иш ўринларини таклиф этувчи компаниялар сони ортади.

«Ўтган ой биз Электрон меҳнат биржасида Қозоғистонда биринчи онлайн бўш иш ўринлари ярмаркасини ўтказдик. Тадбир 35 ёшгача бўлган ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган. Ярмаркада 23 та йирик корхона, банк ва савдо тармоқлари иштирок этиб, 1330 та бўш иш ўринларини таклиф қилди. 3,5 минг резюме қабул қилинди. Энди иш берувчилар номзодларни танламоқда. Ярмарка мунтазам ташкил этилмоқда», - дейди Тамара Дуйсенова.

Ёш тадбиркорлар билан учрашувда вазир меҳнат бозорига 2000 йиллар бошида туғилган авлод кириб кела бошлаганини айтди.

Келгусида ҳар йили 300-400 минг нафар ёш мутахассис меҳнатга киришади. Шундай қилиб, ишчи кучининг тузилиши ўзгариб бормоқда. Бугунги кунда ёшлар мослашувчан иш жадвали ва шахсий ривожланиш имкониятларини қадрлашади.

Тамара Дуйсенова Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича берган топшириғига биноан вазирлик томонидан 8 йўналиш бўйича иш олиб борилаётганини таъкидлади.

«Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг яна бир муҳим йўналиши «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш миллий лойиҳаси» доирасида ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлашдир. Ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли (2,5 фоиз) кредит ажратилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун грант ажратилади», - деди вазир.

Сўнгги хабарлар