Қозоғистонда энг юқори маошни кутаётганлар — учувчилар ва стюардессалар
ASTANA. Kazinform — 2026 йил июль ойида Қозоғистонда энг юқори маош кутаётган мутахассислар орасида учувчилар ва стюардессалар етакчилик қилди. Шунингдек, Enbek.kz порталида 104,6 мингта бўш иш ўрни эълон қилинган бўлиб, иш изловчилар сони 141,2 минг нафарга етди. Бу ҳақда ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги маълум қилди.
Июнь ойига нисбатан бўш иш ўринлари сони 3,8 фоизга камайган бўлса, резюмелер сони 11,5 фоизга ошган. Бу ўзгариш ёз мавсумида меҳнат бозорида кузатиладиган мавсумий хусусиятлар билан изоҳланади. Бу даврда таълим муассасалари битирувчилари меҳнат бозорига фаол кириб келади ва иш изловчилар сони кўпаяди. Натижада ишчи кучи таклифи талабга нисбатан тезроқ ўсади.
“Тармоқлар кесимида ишчи кучига энг юқори талаб таълим соҳасида қайд этилди (23,4 мингта бўш иш ўрни). Шунингдек, бошқа хизматлар кўрсатиш соҳасида (16,0 минг), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида (10,3 минг), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида (8,2 минг), ишлаб чиқариш саноатида (6,8 минг) ҳамда қурилиш соҳасида (5,7 минг) бўш иш ўринлари таклиф этилди”, — дейилади вазирлик хабарида.
Ҳудудлар бўйича энг кўп бўш иш ўринлари Астана шаҳрида (8,8 минг), Туркистон вилоятида (7,6 минг), Павлодар вилоятида (7,1 минг), Алмати шаҳрида (7,0 минг) ва Ақмола вилоятида (6,9 минг) эълон қилинган.
Малака даражаси бўйича иш берувчилар талабида ўрта малакали мутахассислар учун бўш иш ўринлари устунлик қилди ва барча таклифларнинг 38,8 фоизини ташкил этди. Паст малакани талаб қиладиган иш ўринлари улуши 30,7 фоиз, юқори малакали мутахассислар учун бўш иш ўринлари эса 30,5 фоизни ташкил этди.
“Июль ойида иш изловчилар 141,2 мингта резюме жойлаштирди. Уларнинг 54 фоизини 35 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этди. Бу ёз ойларида таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорига фаол чиқиши билан боғлиқ. 35-44 ёшдагилар — 25 фоиз, 45-54 ёшдагилар — 14 фоиз, 55 ёшдан ошганлар — 7 фоизни ташкил қилди. Жинс таркиби бўйича резюмелернинг 57 фоизи аёллар, 43 фоизи эркаклар томонидан жойлаштирилган”, — деб маълум қилди вазирлик.
Ишчи кучи таклифининг малака тузилмаси меҳнат бозоридаги талабга умумий жиҳатдан мос келади. Резюмелернинг 38 фоизи ўрта малакали, 38 фоизи юқори малакали, 24 фоизи эса паст малакали иш изловчилар ҳиссасига тўғри келади.
Таклиф этилган маошлар орасида июль ойида энг юқори иш ҳақи дастурий таъминот архитектори лавозими учун — тахминан 1,12 миллион тенге, парвоз хавфсизлиги бўйича муҳандис-инспектор учун — тахминан 910 минг тенге, маркетинг ва маҳсулот сотиш бўлими бошлиғи ўринбосари учун эса — тахминан 900 минг тенгени ташкил этди.
Иш изловчилар орасида энг юқори маош кутаётганлар эса учувчилар бўлиб, улар тахминан 2,39 миллион тенге маошдан умид қиляптилар. Кейинги ўринларда стюардессалар — 1,43 миллион тенге, ҳамда электр станцияси бошлиғи лавозимига номзодлар — 1,32 миллион тенге миқдоридаги маошни кутяптилар.
Умуман олганда, июль ойи кўрсаткичлари меҳнат бозорида мавсумий фаоллик кучайганини кўрсатди. Ёз фаслида таълим муассасалари битирувчиларининг оммавий равишда меҳнат бозорига чиқиши иш изловчилар сонининг ортишига туртки бўлди. Шу билан бирга, иш берувчиларнинг асосий талаби аввалгидек таълим, хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларида сақланиб қолган. Ишчи кучи таклифининг ортиши келгуси ойларда бўш иш ўринларини зарур кадрлар билан таъминлаш учун қулай шароит яратади.
2026 йил бошидан буён Enbek.kz платформасида жами 709 мингта бўш иш ўрни ва 877,2 мингта резюме эълон қилинган.