Қозоғистонда энг нуфузли IBO 2024 халқаро олимпиадаси бошланди

Халқаро олимпиада
Фото: bilimdinews.kz

ASTANА. Кazinform - Астана шаҳрида ўқувчилар ўртасида биология бўйича энг нуфузли халқаро IBO 2024 олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев, IBО халқаро қўмитаси раиси Ленка Либусова шахсан иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ғани Бейсембаев халқаро олимпиадани мамлакатда ўтказиш жуда муҳим эканини таъкидлади. Халқаро биология олимпиадаси биринчи марта 34 йил олдин ўтказилган, унда бор-йўғи 6 давлат иштирок этган. Бугун пойтахтда 81 мамлакат терма жамоаси йиғилди.

– Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбайули бундан бир ярим аср муқаддам шундай деган эди: “Инсоннинг кучи унинг тафаккурида, билимидадир”. Бу сўз бугунги кунда ҳам аҳамиятли эканига шубҳа йўқ. Ишонаманки, кўпчилигингиз келажакда таниқли биолог бўлиб, минг йилликнинг буюк кашфиётларини кашф қиласиз. Ишончим комилки, ушбу олимпиада ҳар бирингиз учун касб танлашда, жаҳон илм-фани фаровонлиги йўлида салмоқли ютуқларга эришишда муҳим босқичга айланади. Ўйлайманки, Олимпиада сизга Қозоғистон ва урф-одатларимиз, меҳмондўстлик ва дўстлик ҳақидаги унутилмас таассурот беради, — деди Ғани Бейсембаев.

International Biology Olympiad дунёдаги ТОП-7 халқаро олимпиадалардан биридир. Бу йилги фан мусобақасида дунёнинг 81 давлатидан 305 нафар ёш биолог ва 275 нафар олим иштирок этмоқда. Қозоғистонлик ўқувчилар ушбу мусобақада 28 йилдан бери мамлакат шарафини ҳимоя қилиб келмоқда, шу йиллар давомида улар 70 дан ортиқ совринларни қўлга киритди. Ўқувчиларнинг муваффақияти ташкилий қўмита томонидан бу йилги олимпиадани Қозоғистонда ўтказишга қарор қилишига сабаб бўлди. Иштирокчилар нафақат интеллектуал беллашувда қатнашади, балки пойтахт, Қозоғистон дурдонаси – Бурабайнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилади, юрт тарихи ва санъати билан яқиндан танишади.

Сўнгги хабарлар