Қозоғистонда электромобиллар сони 11 мингтага етди
ASTANA. Kazinform - Аниқроғи, Қозоғистон ҳудудида 10 970 та электромобиль рўйхатга олинган. Бу ҳақда ҚР Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати агентлик мухбирига берган жавобида маълум қилди.
“Қозоғистон ҳудудида 10 970 та электромобиль рўйхатга олинган. “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт ва электромобиллар инфратузилмасини ривожлантириш масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан электромобиллар учун тўхташ ёки туриш жойларида тўхташ қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди. Шу боис, бошқа ҳайдовчиларга кўрсатилган жойларда тўхтаб қолмаслик ҳақида огоҳлантирилади. Бундан ташқари, электромобиль ҳайдовчиларининг коммунал пуллик тўхташ жойларида (тўхташ жойлари, паркинглар) туриши учун чегирма назарда тутилган”, — дейилади ҚР ИИВ матбуот хизматининг Kazinform агентлигига берган жавобида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил июнь ойида Сенат “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт ва электромобиллар инфратузилмасини ривожлантириш масалалари бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллаган эди. Ушбу қонун мамлакатда электромобиллар сонининг кўпайишига ва махсус инфратузилманинг ривожланишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, дунёда электромобилларга талаб йил сайин ортиб бормоқда. 2023 йилда электромобиль дунёдаги энг кўп сотиладиган автомобиль бўлди. Қозоғистонда бу машинани танлаганлар сони ортиб бормоқда. Статистик маълумотлар буни тасдиқлайди, яъни ўтган йили электромобиллар сони 10 баробардан ортиқ кўпайган. 2022 йилда мамлакатда атиги 570 та электромобиль бор эди.
Мутахассисларнинг фикрича, электромобиллар сонининг кескин ошишига қозоғистонликлар учун экологик тоза транспорт турига ўтиш учун давлат томонидан берилган квота сабаб бўлган. Чунки электромобиль атмосферага зарар етказмайди. Шунинг учун давлат уни сотиб олаётганда божхона ва солиқ тўловларидан озод қилувчи квота берди. Шундан кейин харидорлар сони ортди.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов