Қозоғистонда бу йил биринчи марта Устозлар куни 5 октябрда нишонланади
Бу йил биринчи марта Устозлар куни байрами 5 октябрга белгиланди. Эслатиб ўтамиз, тегишли қарор ҚР Ҳукумати томонидан қабул қилинган, дея хабар беради Kazinform ҚР Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизматига таяниб.
Шу тариқа, дунёдаги энг муққадас, масъулиятли ва муҳим касб вакилларини бирлаштирган ушбу байрам Бутунжаҳон ўқитувчилар кунига тўғри келди.
Шу куни Астана шаҳрида Республика педагогларининг қурултойи бўлиб ўтади. Унда мамлакатнинг барча вилоятларидан 700 нафарга яқин ўқитувчи иштирок этади. Педагоглар махсус ташкил этилган форумларда ўзларининг илғор ишлари ва халқаро тажрибалари билан ўртоқлашадилар.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатда таълим соҳасида мактабгача, ўрта, техник ва касб-ҳунар таълими йўналишида 500 минг нафарга яқин педагог меҳнат қилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда педагоглар мақоми алоҳида қонун билан тасдиқланган.
Тўрт йил ичида мактаб ўқитувчиларининг маоши икки баравар ошди. 220 мингга яқин ўқитувчилар ўзларига тайинланган тоифалари учун 50% гача қўшимча маош олади. Саноатдан ишга қабул қилинган техник ва касб-ҳунар таълими ўқитувчилари 35 фоизгача қўшимча маош олади. Жорий йил сентябрь ойидан бошлаб 97 минг нафар педагогнинг маоши яна 30 фоизга ошди.
Эслатиб ўтамиз, 1994 йилдан бери дунёнинг 100 дан ортиқ давлатида октябрь ойининг биринчи якшанбаси таълим соҳаси ўқитувчилари ва ходимларининг касб байрами сифатида белгиланган.
Баъзи мамлакатлар ушбу байрамни 5 октябрда нишонлайди.