Қозоғистонда боғча тарбиячиларининг маоши 30 фоизга оширилади

ASTANA. Kazinform – Қозоғистонда шу йил сентябрда боғча тарбиячиларининг маоши 30 фоизга оширилади. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлигининг Мактабгача таълим департаменти директори Наталья Жумадилдаева маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Таълим сифати педагогларнинг касбий маҳорат даражасига бевосита боғлиқ. Республикамиз мактабгача таълим муассасаларида 98 минг нафар педагог меҳнат қилмоқда. Уларнинг 65,3 минг нафари олий, 31 минг нафари техник ва касб-ҳунар маълумотига эга. Қишлоқ жойларда 41596 нафар, шаҳарларда 55811 нафар, давлат мактабгача таълим муассасаларида 58203 нафар, хусусий мактабгача таълим муассасаларида 39714 нафар педагог меҳнат қилмоқда. Давлат раҳбари таълим ходимларининг мавқеини ва касбий салоҳиятини юксалтириш, маошини ошириш вазифасини қўйди. Жорий йилда мактабгача таълим муассасаларининг 20 минг 390 нафар педагог ходимларининг малакасини ошириш режалаштирилган», – деди у Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унинг таъкидлашича, сўнгги тўрт йилда таълим ходимларининг маоши босқичма-босқич 25 фоизга ошган. 2023 йил сентябридан иш ҳақи яна 30 фоизга ошади. Шунингдек, мактабгача таълим ва тарбиянинг илғор тажрибаларини оммалаштириш бўйича 79 та мактабгача таълим ташкилотида «Ваколат марказлари» мунтазам иш олиб бормоқда.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар