Қозоғистонда беш йил ичида мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси очилди
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонда сўнгги беш йил ичида 1 003 та янги тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, шифокорлар танқислиги 2023 йилга нисбатан 20,4 фоизга қисқарди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Мурожаатномасини амалга ошириш доирасида шифокорларнинг мақомини ошириш, тиббий таълим сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Сўнгги беш йил ичида мамлакатда 10 та шифохона, 14 та поликлиника, 967 та шифокорлик амбулаторияси ва тиббиёт пункти, 3 та илмий тиббиёт маркази, шунингдек, қон маркази ва реабилитация марказларини ўз ичига олган бошқа 9 та муассаса очилди. Уларнинг 655 таси «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш» миллий лойиҳаси доирасида фойдаланишга топширилди.
Ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш тизимида 280 мингдан ортиқ тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Уларнинг қарийб 84 минг нафарини шифокорлар ташкил этади. 2025 йил якунларига кўра, шифокорлар танқислиги 2023 йилга нисбатан 20,4 фоизга, қишлоқ жойларда эса 28,3 фоизга камайди.
Шифокорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кенгайтирилди. 2025 йилда 1 760 нафар шифокор давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Уй-жой билан таъминланган мутахассислар сони 3,3 бараварга ошиб, 727 нафарга етди. Шунингдек, қишлоқ жойларда танқис мутахассисликлар бўйича ишлаётган 529 нафар шифокорга 8,5 миллион тенге миқдорида бир марталик тўлов берилди.
Тиббиёт кадрларини тайёрлаш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Ҳозирда мамлакатда 8 та тиббиёт университети, кўп тармоқли олий таълим муассасаларининг 7 та факультети ва 17 та илмий ташкилот мутахассислар тайёрламоқда.
Тиббиёт йўналишларида 72 мингдан ортиқ киши таҳсил олмоқда. Уларнинг 61 мингдан ортиғи олий таълимнинг асосий босқичида, 11 мингдан ортиғи эса олий таълимдан кейинги босқичда ўқимоқда. Бундан ташқари, тиббиёт коллежларида қарийб 110 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.
Қозоғистонда тиббий таълимга оид 760 та таълим дастури рўйхатга олинган. Уларнинг тўрттаси инновацион йўналишларни қамраб олади. Жумладан, «Кинезитерапия», «IT-тиббиёт», «Фармация ва иммунобиологик препаратлар биотехнологияси» ҳамда «Ҳамширалик иши фани» дастурлари жорий этилган.
Амалий тайёргарликни кучайтириш мақсадида симуляция марказлари тармоғи ривожлантирилмоқда ва клиник устозлик институти жорий этилмоқда.
Тиббиёт мутахассисларини тайёрлашда ҳудудларнинг аниқ эҳтиёжларига устувор аҳамият берилмоқда. Таълим грантларини тақсимлашда касалланиш даражаси, кадрлар танқислиги, демографик кўрсаткичлар ва мутахассисларга бўлган прогноз эҳтиёжи ҳисобга олинади.
Шунингдек, давлат таълим буюртмаси асосида таҳсил олган битирувчиларни ишга жойлаштиришда маҳаллий ижро этувчи органларнинг масъулияти кучайтирилмоқда.
Тиббий таълим ва илм-фан соҳаларига сунъий интеллект технологиялари ҳам жорий этилмоқда. Ўқув дастурларига сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган фанлар киритилмоқда.
Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университетида тиббиётда сунъий интеллект йўналиши бўйича махсус марказ очилди. Шунингдек, шаҳар миқёсидаги тиббий маълумотларни таҳлил қилиш, эҳтимолий хавфларни прогнозлаш ва бошқарув қарорларини қабул қилишга ёрдам берадиган тизим ишлаб чиқилмоқда.
Ҳукумат маълумотларига кўра, соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий вазифа кадрлар танқислигини камайтириш, мутахассисларнинг ҳудудларда доимий ишлашлари учун шароит яратиш ва тиббий ёрдам сифатини оширишдан иборат.