Қозоғистонда баландлиги 272 метрлик осмонўпар минора қурилади

ASTANA. Kazinform — Алатау шаҳрида илк осмонўпар бино — Iconic Complex кўп функцияли мажмуасининг пойдевор қўйиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Бош вазир ўринбосари Қанат Бозимбаев иштирок этди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати маълум қилди.

Қазақстанда биіктігі 272 метрлік зәулім мұнара салынады
Фото: Үкімет

Янги мажмуа Алатау шаҳрида шаклланаётган ишбилармонлик марказининг асосий объектларидан бирига айланади. Инвестиция ҳажми 800 миллион доллардан ошадиган лойиҳа доирасида баландлиги 272 ва 78 метр бўлган иккита минора қурилади. Уларда офислар, турар жойлар, меҳмонхона, савдо нуқталари ва жамоат жойлари жойлаштирилади.

Қазақстанда биіктігі 272 метрлік зәулім мұнара салынады
Фото: Үкімет

Маросимда сўзга чиққан Қанат Бозимбаев Алатау шаҳрининг ривожланиши Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг доимий назоратида эканини таъкидлади. Давлат раҳбари ташаббуси билан шаҳарда инвесторлар учун қулай шароит яратиш ва замонавий бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган махсус ҳуқуқий режим босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар инвестиция фаоллигининг ошишига хизмат қилмоқда. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Алатау шаҳри асосий капиталига киритилган инвестициялар ҳажми 1,6 бараварга ошиб, 70,3 миллиард тенгега етди. Умуман, шаҳарнинг инвестиция портфелида умумий қиймати қарийб 6,9 миллиард долларни ташкил этувчи 67 та лойиҳа мавжуд. Уларни амалга ошириш натижасида қарийб 55 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Қазақстанда биіктігі 272 метрлік зәулім мұнара салынады
Фото: Үкімет

Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш билан бир қаторда, шаҳар инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Ҳозирда захира маблағларидан 35,3 миллиард тенге ажратилган 28 та лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «Көкпа-1» подстанцияси реконструкция қилинди, сув таъминоти объектлари қурилмоқда ва автомобиль йўллари таъмирланмоқда. Бу янги корхоналарни ишга тушириш ва қурилиш ишларини янада давом эттириш учун зарур шароит яратади.

Бош вазир ўринбосари Iconic Complex мажмуасининг қурилиш сифати ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратди. У белгиланган муддатларга, сейсмик хавфсизлик ва энергия самарадорлиги талабларига қатъий риоя қилиш, шунингдек, Қозоғистон компаниялари ва мутахассисларини жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

Қазақстанда биіктігі 272 метрлік зәулім мұнара салынады
Фото: Үкімет

Шунингдек, махсус ҳуқуқий режим доирасида халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, лойиҳа ҳужжатларини мустақил техник экспертизадан ўтказиш механизми жорий этилди. Бу мураккаб қурилиш лойиҳаларини баҳолашда илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш имконини беради.

Қазақстанда биіктігі 272 метрлік зәулім мұнара салынады
Фото: Үкімет

“Iconic Complex лойиҳалаш ва қурилиш сифати бўйича янги стандартни шакллантириб, Алатаунинг замонавий шаҳар сифатида ривожланишига ҳисса қўшади, деб ишонамиз. Лойиҳа белгиланган муддатларда, сифат ва хавфсизликнинг юқори талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим”, — деди Қанат Бозимбаев.

Iconic Complex лойиҳасининг бош пудратчиси — China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) компанияси. Мажмуанинг архитектура концепцияси эса АҚШнинг Skidmore, Owings & Merrill (SOM) архитектура бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш ишларини 2029 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган.