Қозоғистонда аёллар кўпми ёки эркаклар кўпми
Қозоғистонда аёллар сони эркаклар сонидан устундир, деб хабар беради Kazinform.
2021 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, уларнинг сони ярим миллионга (536,3 минг киши) кўпайган. Фоиз нисбатида эркаклар улуши 48,6 фоиз (9 324 840 киши), аёллар улуши 51,4 фоиз (9 861 175 киши) ни ташкил этади. Аввалги аҳолини рўйхатга олиш билан солиштирганда эркаклар сони 1,6 миллионга, аёллар сони эса 1,5 миллионга ошган. Қозоғистонда ҳар 1000 аёлга 946 эркак тўғри келади.
“Демографик хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда, 36 ёшгача бўлган эркаклар сони аёлларникидан кўп ва шундан кейингина уларнинг сони солиштирганда камайишни бошлайди (36 ёшдан ошган аёллар сони 736 минг кишига кўп). Шу билан бирга, эркаклар ва аёллар нисбати фақат иккита вилоятда – Қизилўрда ва Туркистон вилоятларида юқори бўлиб, бу ерда ҳар 1000 аёлга мос равишда 1006 ва 1027 эркак тўғри келади”, - деб ёзади Миллий статистика бюроси.