Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 40 фоизга ошди

Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилди.
«Қайта ишлаш саноатида ижобий ўсиш сақланиб қолмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 фоизга ошди. Кўрсаткичнинг ўсиши 15 та ҳудудда қайд этилди. Улар орасида Ғарбий Қозоғистон, Қостанай, Абай вилоятлари ва Алмати шаҳрида энг юқори ўсиш кузатилди. Машинасозлик ишлаб чиқаришининг 28,8 фоизга, шу жумладан автомобиллар ишлаб чиқариш 40,1 фоизга ва электр жиҳозлари ишлаб чиқариш 34,9 фоизга ўсиши қайд этилди», - деди Миллий иқтисодиёт вазири.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,3 фоиз, нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари 1,9 фоиз, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 4,4 фоиз, ичимликлар ишлаб чиқариш 6,6 фоиз, пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш 7,8 фоиз, енгил саноат 24 фоизга ўсди.
Тоғ-кон саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,7 фоизга ошди. Шу билан бирга, нефть қазиб олиш - 5,6 фоиз, газ қазиб олиш - 2,5 фоиз, бошқа фойдали қазилмалар қазиб олиш - 17,4 фоиз, тоғ-кон саноатида хизматлар кўрсатиш - 3,2 фоизга ўсди. Металл рудаларини қазиб олиш 0,2 фоизга, кўмир қазиб олиш 8,1 фоизга камайди.
Тугалланган қурилиш ишлари ҳажми 12,3 фоизга ошди. Ижобий ўсиш 19 та вилоятда қайд этилди, айниқса, қурилиш-монтаж ишларининг энг юқори ўсиши Жетису, Абай, Қизилўрда ва Жамбил вилоятларида кузатилди.
«Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 7,4 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,8 фоизга кўпдир. Уй-жойларни фойдаланишга топширишнинг энг юқори кўрсаткичлари Алмати ва Чимкент шаҳарлари, шунингдек, Улитау ва Абай вилоятларида кузатилди», - деди Алибек Қуантиров.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи