Қозоғистонда “Атлетико Мадрид” футбол академияси очилади
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари “Атлетико Мадрид” футбол клуби президенти Энрике Сересо Торресни қабул қилди. Президентга мамлакатда “Атлетико Мадрид” футбол академиясини очиш лойиҳаси тақдим этилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Испания клуби футбол оламида катта обрўга эга эканлигини таъкидлаб, Энрике Сересо Торресга Қозоғистонда ушбу спорт турини ривожлантиришга қизиқиш билдиргани ва тажриба алмашгани учун миннатдорчилик билдирди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қозоғистонда футболни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозир мамлакатдаги спорт мактаблари ва футбол клубларида 40 мингга яқин бола шуғулланмоқда.
Шунингдек, инфратузилма яхшиланиб, янги стадионлар қурилмоқда.

Қасим-Жомарт Тоқаев давлат футболни ривожлантиришга қаратилган ушбу ташаббусни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини айтди.
Энрике Сересо Торрес дунёнинг кўплаб мамлакатларида "Атлетико Мадрид" футбол академияси очилганини айтди.

Академияда иқтидорли футболчиларни тарбиялаш билан бирга, уларни жаҳон футбол лигаларига олиб чиқиш мақсадида илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш, мураббий ва устозларнинг малакасини оширишга эътибор қаратилмоқда.
“Атлетико Мадрид” футбол академияси Алмати вилояти Талғар шаҳридаги «Akbulak» олимпия маркази негизида ташкил этилади.
Учрашув якунида Энрике Сересо Торрес Қасим-Жомарт Тоқаевга “Атлетико Мадрид” футболчилари дастхати туширилган футболкани совға қилди.