Қозоғистонда «AstraZeneca» томонидан қандай дорилар ишлаб чиқарилиши маълум бўлди

Қозоғистонда «AstraZeneca» қандай дорилар ишлаб чиқарилиши маълум бўлди
Фото: gov.kz

ASTANA. Kazinform – ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги Kazinform агентлиги сўровига жавобан «AstraZeneca» фармацевтика компанияси билан қўшма лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

“2023 йил 7 февралда «AstraZeneca» халқаро биофармацевтика компанияси билан Қозоғистон ҳудудига дори воситалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш технологиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди. Бу Қозоғистон фармацевтика саноатини ривожлантириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, аҳолига инновацион дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини оширади”, - дейилади жавобда.

Вазирлик маълумотларига кўра, «AstraZeneca» компанияси Қозоғистон ҳудудида қуйидаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этади:

• Forxiga Tablets 10mg - диабет, сурункали юрак касаллиги, сурункали буйрак касаллиги;

• Calquence Caps 100mg – сурункали лимфолейкоз, мантия ҳужайрали лимфома;

• Lynparza 150mg - тухумдон саратони, кўкрак саратони, простата саратони, ошқозон ости бези саратони;

• Tagrisso Tablets 80mg - ўпка саратони.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ва Қозоғистон ҳукуматлараро комиссиясининг 8-ялпи мажлиси доирасида ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «AstraZeneca» компаниясининг Қозоғистондаги ваколатхонаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди.

Сўнгги хабарлар