Қозоғистонда ҳашамат солиғи 2024 йилда жорий қилинади

None
ASTANA. Kazinform – ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров 2023 йилда ҳашамат солиғини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинишини маълум қилди, дея хабар бермоқда Kazinform мухбири.

Бугун Сенат ялпи мажлисидан сўнг журналистлар вазирдан ҳашамат солиғи тўғрисидаги қонунни қабул қилиш муддати ҳақида сўради.

«Келгуси йилда Солиқ кодекси бўйича асосий ишлар амалга оширилади. Айниқса, йилнинг биринчи ярмида муҳокама қилиб, умумий қарорга келамиз. Режамизга кўра, янги Солиқ кодекси 2024 йил 1 январдан кучга киради. Агар қўшимча вақт керак бўлса, кўриб чиқамиз», — деди А.Қуантиров.

Бундан ташқари, унинг айтишича, агар бир шахс номига расмийлаштирилган кўчмас мулклар кўп бўлса, қўшимча солиқ жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

«Шу нуқтаи назардан солиққа тортишнинг турли вариантлари ишлаб чиқилмоқда. Албатта, бу солиқ тўлашга қодир бўлган бадавлат кишиларга тааллуқли бўлади. Хусусан, тегишли қонун лойиҳаси 2023 йил кузида парламентга киритилиши режалаштирилмоқда», — деди вазир.

Бунгача вазир ҳашамат солиғи хусусий яхта, шахсий самолёт каби нарсаларга солинишини, яъни катта миқдорда мулк сотиб олганларга тегишли эканлигини тушунтирди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг сентябр ойида қилган чиқишида солиқ ислоҳоти доирасида «ҳашамат солиғи»ни жорий этиш зарурлигини айтган эди.

«Бунинг ўрта синфга ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу солиқ фақат қиммат кўчмас мулк ва автомашиналар сотиб олаётганда қўйилади», - деди Президент.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Сўнгги хабарлар