Қозоғистонда Amazon Kuiper янги сунъий йўлдош интернети пайдо бўлади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Илон Маскнинг Starlink компаниясининг аналоги Amazon Kuiper сунъий йўлдош интернет хизмати билан шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
Эслатиб ўтамиз, Астана шаҳрида Марказий Осиёда рақамли инклюзия ва трансформация бўйича биринчи Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси бўлиб ўтмоқда, унинг якунлари бўйича турли келишувлар имзоланади. Энг муҳимларидан бири Amazon Kuiper интернет-хизматидир, деди Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари.
“Amazon Kuiper - бу интернет билан таъминлаш учун сунъий йўлдош ечими. Starlink, OneWeb аналоги. Ўйлайманки, бу йўналишда рақобатни ривожлантириш орқали биз фуқароларга ҳамёнбоп нархда сифатли хизмат кўрсатишимиз мумкин”, — деди Ж.Мадиев.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Amazon Project Kuiper сунъий йўлдош интернет хизматларини жойлаштириш учун космик сунъий йўлдошларнинг дастлабки иккита прототипини муваффақиятли ишга туширган эди. Умуман олганда, Amazon 3200 дан ортиқ сунъий йўлдошларни жойлаштиришни режалаштирган. Бироқ, компания яқинда тўлиқ ҳуқуқли Project Kuiperни ишга туширишни 2024 йил охиригача қолдирди.