Қозоғистонда алоқа операторлари 5G технологиясини ривожлантириш учун 450 миллиард тенге сармоя киритади

ASTANА. Кazinform – 2027 йил охиригача алоқа операторлари 5G технологиясини ривожлантириш учун 450 миллиард тенге сармоя киритади. Бу ҳақда ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

5G
Фото: midjourney

“5G технологиясини янада ривожлантиришга келсак, Кcелл ва Теле2 билан Астана, Алмати, Чимкент шаҳарлари ва вилоят марказларида 5G ни ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади. Бугунги кунда 20 та шаҳарда 1144 та база станциялари ўрнатилган. Давлат раҳбари топшириғига кўра, 2025 йил охиригача 5G мобил алоқасини жорий этиш ниҳоясига етказилиши керак”, — деди Жаслан Мадиев.

Вазирнинг сўзларига кўра, 2027 йил охиригача алоқа операторларининг соҳага киритган сармоялари ҳажми 450 миллиард тенгедан ошади.

“Ҳозирги кунда 3684 та қишлоқда оптика йўқ. Миллий лойиҳа доирасида давлат-хусусий шериклик механизми асосида 3010 тагача қишлоқ оптик алоқа тармоқлари билан таъминланади. “Сўнгги мил” бўлмаган жойларда кичик ва ўрта алоқа операторлари капитал харажатларининг 50 фоизи миқдорида субсидиялаш механизми қўлланилади. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 2,4 миллион аҳолини интернет билан таъминлаш кутилмоқда. Лойиҳалар алоқа операторларидан 340 миллиард тенгедан ортиқ хусусий сармояларни жалб қилишни кўзда тутади”, — деди у.

Сўнгги хабарлар