Қозоғистонда аҳолининг даромадларини оширишга 197 млрд тенге сарфланади

None
None
NUR-SULTAN. Кazinform - Аҳолининг даромадларини ошириш учун 197 млрд тенге сарфланади. Бу ҳақда бугун Ҳукумат йиғилишида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Ерулан Жамаубаев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Унга кўра, 2022 йилги республика бюджетини аниқлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасида аҳоли даромадларини оширишга қаратилган жами харажатлар 197 млрд тенгени ташкил этади. Бу маблағлар ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун микрокредитлар ажратиш, ижарага бериладиган уй-жой учун тўловнинг бир қисмини субсидиялаш ва аҳолининг реал даромадларини оширишга қаратилган бошқа муҳим чора-тадбирларга йўналтирилади. 238 млрд тенге озиқ-овқат хавфсизлиги чора-тадбирларига сарфланади.

«Қўшимча маблағлар қишлоқ хўжалигини субсидиялаш, баҳорги экиш ва ҳосил йиғим-терими учун имтиёзли кредитлаш ҳажмини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигидаги бошқа масалаларни ҳал этишга йўналтирилади», — деди Ерулан Жамаубаев.

Унга кўра, ҳудудларни ривожлантириш учун жами 476 млрд тенге қўшимча харажатлар йўналтирилади.

«Ушбу харажатларнинг 271 млрд тенгеси ёки 57 фоизи ғарбий ва жанубий ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилган. Умуман олганда, ўзига хосликларни ҳисобга олган ҳолда республика бюджетидан 5,5 трлн тенгедан ортиқ ёки жами харажатларнинг 29,3 фоизи ҳудудларга йўналтирилади. Қўшимча маблағлар, шунингдек, инфляция коридоридаги ўзгаришлар туфайли ижтимоий нафақаларни индексация қилишни ҳам назарда тутади. Бу 110 млрд тенгедан ошади», - деди Ерулан Жамаубаев.

Вазирнинг сўзларига кўра, бюджет даромадлари 15,8 трлн тенге ёки ялпи ички маҳсулотнинг 17,3 фоизини ташкил қилади. Харажатлар 18,8 трлн тенге ёки ялпи ички маҳсулотнинг 20,5 фоизини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

«Бюджет тақчиллиги аввал тасдиқланган даражада сақланиб қолди. Режалаштирилган барча чора-тадбирлар иқтисодиёт ва ҳудудлар ривожига туртки бериши, даромадлари ўсишини таъминлаши ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини ошириши керак», - деди у.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар