Қозоғистонда 9 ойда 17 минг интеллектуал мулк объекти рўйхатга олинган - Адлия вазирлиги

Т. Уали
Фото: Адлия вазирлиги

Жорий йилнинг 9 ойида Қозоғистонда 17 мингта интеллектуал мулк объекти рўйхатга олинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги расмий вакили Талғат Уали маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

“Агар интеллектуал мулкнинг умумий шакллари ҳақида гапирадиган бўлсак, товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Масалан, жорий йилнинг 9 ойида рўйхатга олинган 17 мингта интеллектуал мулк объектининг 8 мингдан ортиғи товар белгисидир. Ихтиролар соҳасида озиқ-овқат технологияси, кимё ва тиббиёт билан боғлиқ ихтиролар бўйича кўпроқ аризалар топширилади. Масалан, қурут, гўжа, қимиз ишлаб чиқариш, протезлар ва физиологик фаол қўшимчалар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги комбайнлари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш соҳаси мавжуд”, — деди вазирлик вакили ҳафталик брифингда.

Унинг сўзларига кўра, рақамли технологияларнинг ривожланиши туфайли ахборот технологияларига оид талабномалар фаол топширилмоқда. Улар орасида тиббий асбоб-ускуналар учун автоматлаштирилган тизимлар мавжуд.

“Қозоғистон интеллектуал мулкни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш миллий тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хизматларни рақамлаштириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муаллифлар ва фойдаланувчиларни ўқитиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда”, — деди у.

Сўнгги хабарлар