Қозоғистоннинг 771 қишлоғида 194 миллиард тенгелик лойиҳа амалга оширилди

Қишлоқ
Фото: Мухтор Холдорбеков/ Kazinform

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Бауржан Омарбеков Қизилўрда вилоятида ўтказилган “Бизнеснинг ижтимоий масъулияти – қишлоқ тараққиётининг асоси” мавзусидаги миллий семинарда иштирок этди.

Б. Омарбеков ўз нутқида Ҳукумат томонидан қишлоқларни ривожлантириш сиёсатига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

"Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ қабул қилинган ва ҳаётга татбиқ этилаётган 2023-2027 йилларда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси мавжуд.

«Ауыл - ел бесігі» (“Қишлоқ – юрт бешиги”) дастури доирасида 771 қишлоқда 194 миллиард тенгега 1,8 минг лойиҳа амалга оширилди.

Ушбу дастур амалга оширила бошлаган йилдан буён республика бюджетидан молиялаштириш ҳажми 6 баробар ошди", — деди вазир.

Б. Омарбеков жорий йилда дастур доирасида республика бюджетидан 179 миллиард тенге ажратилиши, 500 дан ортиқ қишлоқда 1,4 минг лойиҳа амалга оширилишини айтди.

Бундан ташқари, у 2023 йилда 113 миллиард тенгега 4,9 мингта сув таъминоти ва сув чиқариш иншооти, ​​85 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами объекти қурилганини таъкидлади.

“Қишлоқ омонати” лойиҳаси доирасида 79 миллиард тенге миқдорида 12,7 минг имтиёзли кредит берилган.

Шу билан бирга, ёш мутахассисларни қишлоқ жойларга жалб этиш мақсадида “Диплом билан қишлоққа” лойиҳаси бўйича бюджет кредитлари миқдори 1500 (5,4 миллион тенге) БҲМдан 2500 БҲМга(9,2 миллион тенге) оширилди.

“Жорий йилда лойиҳа доирасида 25 миллиард тенге ажратилди, бу 3,1 мингга яқин мутахассисни уй-жой билан таъминлаш имконини беради”, — деди вазир ўринбосари.

Сўнгги хабарлар
telegram