Қозоғистонда 7 ойда 58,1 миллион тонна кўмир қазиб олинди
ASTANА. Kazinform - Жорий йилнинг 7 ойида 58,1 миллион тонна кўмир қазиб олинди. Бу ҳақда ҚР Саноат ва қурилиш вазирлигининг Саноат қўмитаси раиси ўринбосари Турар Жолмағамбетов маълум қилди.
"Мамлакат шарқидаги “Богатирь кўмир”, “Шубаркўл кўмир”, “Қаражира” ва Павлодар вилоятидаги “Майкўбен-Вест” корхоналари кўп миқдорда кўмир қазиб олади. Охирги маълумотларга кўра, 7 ой давомида юқорида қайд этилган ва бошқа шахталарда 58,1 миллион тонна кўмир қазиб олинган.
Уларнинг 32,3 миллион тоннаси энергетика тармоғига, қарийб 2,5 миллион тоннаси коммунал соҳага етказиб берилди. Экспорт 15,8 миллион тонна кўмир миқдорида қолди”, — деди у Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда.
Унга кўра, аҳолини ўз вақтида кўмир билан таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, маҳаллий ҳокимликларга юборилган.
“2024/2025 йилги иситиш мавсуми учун ҳудудий эҳтиёжлар режаси тайёрланди. Кўмир сотиб олиш тартибини тўлиқ якунладик. Бюджет ташкилотлари ва аҳоли учун тайёргарлик ишларини олиб бормоқдамиз. Қозоғистон темир йўллари аҳоли ва коммунал соҳага кўмир етказиб бериш учун ҳаракатланувчи таркибни тақдим этади. Ушбу режага кўра, жорий йилги иситиш мавсуми учун кўмирга бўлган эҳтиёж қарийб 8,6 миллион тоннани ташкил этади. Унинг 2,3 миллион тоннаси коммунал соҳага, 6,3 миллион тоннаси аҳолига тўғри келади. 21 августдаги ҚТЖ маълумотларига кўра, 1 миллион тонна етказиб берилган. Ҳудудларда кўмир етказиб бериш кўрсаткичи йиллик режага нисбатан 13 фоизни ташкил этмоқда”, — деди Турар Жолмағамбетов.