Қозоғистонда 55 ёшга тўлган кончиларга бериладиган ижтимоий тўлов миқдори маълум бўлди

2024 йилдан бошлаб зарарли меҳнат шароитида ишлайдиган 37 минг нафар шахс махсус ижтимоий тўлов олади. Бу ҳақда ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ақмади Сарбасов маълум қилди, дея хабар беради Каzinform.

Ижтимоийтўлов
Фото:gov.kz

“Ўртача ҳисобда махсус ижтимоий тўлов 200 минг тенгени ташкил қилиши мумкин. У тўрт йўналишдан тўланадиган маблағларни ўз ичига олади. Биз аввалроқ 1,5 яшаш минимуми атрофида қилиб белгилаган эдик. Депутатлар уни 2 яшаш минимумига етказишни таклиф қилишди. Шу билан бирга, тўртта молиявий манбадан олинган жами махсус ижтимоий тўлов 200 минг тенгедан ошиши мумкин”, — деди А. Сарбасов Мажилисда журналистлар саволларига жавоб берар экан.

Хусусан, махсус ижтимоий тўлов бир неча таркибий қисмлардан иборат бўлиб, тўртта молиявий манбани ўз ичига олади. Биринчидан, республика бюджетидан яшаш минимумининг 1,5 баравари миқдорида махсус касбий тўлов белгиланди. Иккинчидан, у Миллий пенсия жамғармасидан мажбурий касбий пенсия бадаллари ва жамғарилган пенсия жамғармаларини ҳисобга олган ҳолда мажбурий пенсия бадаллари ҳисобидан амалга оширилади. Учинчидан, ҳаётни суғурталовчи компаниялардан 1 та яшаш минимуми миқдорида ҳисобга олинади. Тўртинчидан, иш берувчилар маблағлари ҳисобидан 1 та яшаш минимуми учун зарур бўлган минимал миқдорларда амалга оширилади.

“Зарарли меҳнат шароитида меҳнат қилаётган шахс 55 ёшга тўлса, бу шахслар 63 ёшга тўлгунга қадар махсус ижтимоий тўлов оладилар. Кейинчалик бу фуқароларга пенсия тўланади, яъни махсус тўлов тўхтатилади”, — деди вазир ўринбосари.

Шунингдек, у ушбу имкониятдан фойдаланиши мумкин бўлган одамлар сонини ҳам айтиб ўтди.

“55/7 мезонига кўра (ишчи 55 ёшда бўлиши ва етти йиллик иш стажига эга бўлиши керак) ҳозир бизда 1400 га яқин корхона бор. 2024 йилда 37 минг киши ушбу ҳуқуқдан фойдалана олади, яъни улар зарарли меҳнат шароитида ишламоқда. Тармоқлар ҳақида гапирадиган бўлсак, тоғ-кон саноати ва қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга”, — деди А. Сарбасов.

Сўнгги хабарлар