Қозоғистонда 347 минг нафардан ортиқ кишига Ижтимоий суғурта жамғармасидан тўланадиган ижтимоий нафақалар миқдори оширилди
Жорий йилнинг 1 январидан ногиронлик бўйича (75 130 олувчи) ва боқувчисини йўқотганлик бўйича(52 096 олувчи) Ижтимоий суғурта жамғармасидан ҳар ойлик ижтимоий нафақа миқдори 5 фоизга оширилди.
Ушбу тўловлар узоқ муддатли ҳисобланади, чунки улар бир неча йил давомида тўланиши мумкин: ногиронлик ҳолатида - шахс меҳнат қобилиятини тиклангунга ёки пенсия ёшига етгунга қадар; боқувчисини йўқотган тақдирда - вояга етмаган болаларга ва кундузги бўлим талабаларига 23 ёшгача.
Таъкидлаш жоизки, юқоридаги тўловларни олувчилар бюджет маблағлари ҳисобидан бундай давлат ижтимоий нафақаларини ҳам оладилар.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб БҲМ миқдори оширилиши муносабати билан Ижтимоий суғурта жамғармасидан бола парвариши туфайли даромадидан маҳрум бўлган тақдирда 1 йилгача бўлган ойлик ижтимоий нафақалар миқдори оширилди. Ушбу чора 220 462 олувчига таъсир кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, юқорида кўрсатилган ижтимоий нафақалар миқдори боланинг туғилишидан олдинги охирги 2 йилдаги ўртача даромаднинг 40% ни ташкил қилади. Бунда ижтимоий нафақаларнинг энг кам миқдори «Болали оилаларга бериладиган давлат нафақалари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ белгиланган мажбурий пенсия бадаллари қўшимча ҳисобланган ҳолда ҳар ойлик давлат нафақалари миқдоридан кам бўлмаслиги керак.
Юқоридаги барча ижтимоий нафақаларнинг ошиши Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Шундай қилиб, меҳнатга лаёқатли аҳолининг қўшимча ижтимоий таъминот шаклини олишдаги манфаатлари ҳимоя қилинди.