Қозоғистонда 32 та замонавий кўп тармоқли туман шифохонаси қурилади

«Миллий лойиҳада тегишли бўлимларни (инсульт ва кардиология марказлари, тиббий реабилитация, травматология ва ортопедия, жарроҳлик, реанимация ва интенсив терапия бўлимлари) очиш орқали, бундан ташқари, 32 та замонавий кўп тармоқли ҳудудий марказий шифохоналарни капитал таъмирлаш, биноларни реконструкция қилиш (ёки уларга туташ бинолар қуриш), тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳисобидан ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу модернизация қилинган 32 та объектни ишга тушириш 2024-2025 йилларга мўлжалланган», - дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик маълумотларига кўра, амалга оширилаётган ишлар доирасида 5 та объектни (Ақмола вилоятида 1 та, Қостанай вилоятида 1 та, Шимолий Қозоғистон вилоятида 1 та, Туркистон вилоятида 2 та) капитал таъмирлаш учун республика ва маҳаллий бюджетлардан маблағ ажратилган. Шулардан Туркистон вилоятидаги 2 та объектда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Қолган учта ҳудудда эса пудратчи ташкилотларни аниқлашга қаратилган танлов жараёни якунлангач, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш режалаштирилган.
«Бундан ташқари, бугунги кунда яна 4 та объектни (1 таси Алмати вилоятида, 1 таси Шарқий Қозоғистон вилоятида, 1 таси Жамбил вилоятида, 1 таси Қарағанди вилоятида) капитал таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди. 10 та объектнинг (Жамбил вилоятида 2 та, Қарағанди вилоятида 1 та, Қизилўрда вилоятида 4 та, Абай вилоятида 2 та, Алмати вилоятида 1 та) лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказиляпти. Қолган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиляпти», - дейилади вазирлик хабарида.
Бунгача Қозоғистонда 100 га яқин соғлиқни сақлаш муассасаси қурилиши бошлангани ҳақида ёзган эдик.
Муаллиф: Марлан Жиембай