Қозоғистонда 2026 йилдан нефть қазиб олиш ҳажми 100 миллион тоннадан ошади — Алмасадам Сатқалиев
ASTANА. Кazinform — Жорий йилнинг 10 ойида 73,5 миллион тонна нефть қазиб олинди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев Парламент Мажилисидаги Ҳукумат соатида нефть саноатини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш чоғида айтиб ўтди.
“10 ойлик якунларига кўра, нефть қазиб олиш 73,5 миллион тоннани ташкил этди. Жорий йилда 88,4 миллион тонна нефть қазиб олиниши кутилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажмининг режадагига нисбатан камайиши йирик Тенгиз ва Қашаған конларида олиб борилган капитал таъмирлаш ишлари билан боғлиқ. Шунингдек, ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига Қарашиғанақ конида ишларнинг режадан ташқари тўхтаб қолиши ва Оренбург газни қайта ишлаш заводида газ қазиб олишнинг чекланиши ҳам таъсир кўрсатди. Ишлаб чиқариш даражасининг қисқаришига ОПEК+ келишуви бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши ҳам таъсир кўрсатмоқда”, — деди А. Сатқалиев.
Унга кўра, Қозоғистон ОПEК+ келишувида иштирок этмоқда. Қозоғистон учун ҳам бошқа давлатлар каби 2024 йил учун тегишли мажбуриятлар белгиланди. Жаҳон нефть бозорида барқарорликни сақлаш учун шартнома талабларига риоя қилиш зарур.
“Мамлакат нефть-газ комплексини ривожлантиришда мамлакатимиз нефть қазиб олишнинг 65 фоизини ташкил этувчи учта йирик кон муҳим ўрин тутади. Лойиҳалар амалга оширила бошланганидан буён тўғридан-тўғри инвестицияларнинг умумий ҳажми қарийб 185 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Прогнозларга кўра, 2026 йилдан бошлаб йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига нефть қазиб олишнинг йиллик ҳажми 100 миллион тоннадан ошади. “Тенгизшевройл” компанияси нефть қазиб олишни йилига 12 миллион тоннага ошириш имконини берувчи “Келажакни кенгайтириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Қарашиғанақда бешинчи компрессор бўйича ишлар якунланди, газни қайта қуйиш учун олтинчи компрессорни ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Бу нефть қазиб олишни йилига 11-12 миллион тонна даражасида сақлашни таъминлайди. Айни пайтда конда қуввати 4 миллиард куб метр газни қайта ишлаш заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Муддат - 2028 йилнинг охири”, — деди вазир.
Вазирлик раҳбари Қашағанда 2026 йилдан бошлаб нефть қазиб олишни 1 миллион тоннага оширишни кўзда тутувчи йилига 1 миллиард куб метр қувватга эга газни қайта ишлаш заводи қурилиши давом этаётганини эслатди.
“Бундан ташқари, 2029 йилда қуввати йилига 2,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш заводини қуриш ҳисобига нефть қазиб олишни 2 миллион тоннага ошириш режалаштирилган. Умуман олганда, учта йирик лойиҳада нефть қазиб олиш республикадаги жами нефть қазиб олишнинг 70 фоизини ташкил этади, унга қарийб 17 миллиард доллар сармоя киритилади”, — деди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вазир мамлакатда нефть-газ соҳасида 1,3 мингдан ортиқ компания фаолият юритаётганини айтган эди.