Қозоғистонда 2024 йилда креатив индустрия бўйича Қозоғистон-Италия маданий маркази очилади

ҚР Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Италиянинг Қозоғистондаги элчиси Марко Альберти билан учрашди, дея хабар беради Кazinform вазирлик матбуот хизматига таяниб.

Қозоғистонда 2024 йилда креатив индустрия бўйича Қозоғистон-Италия маданий маркази очилади
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

Матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув чоғида Аида Балаева Қозоғистон Европа давлатлари билан маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.

“Венеция биенналеси – 2024” кенг кўламли тадбирида иштирок этиш Қозоғистон учун муҳим воқеа бўлади. Миллий павильон доирасида рассомларимиз ижоди кўргазмасидан ташқари, санъат йўналишида маҳорат сабоқлари ҳам ўтказамиз. Ушбу маданият маскани қозоғистонлик уста ва истеъдод эгаларининг ижоди ва санъати орқали мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш имконини беради”, — деди вазир.

Ўз навбатида, элчи Марко Альберти 2023 йилда Алмати шаҳрида Италия маданият маркази, шунингдек, Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидаги биринчи Маданият институти очилганини таъкидлади.

“Маданият институтининг асосий мақсади италян тили ва маданиятини тарғиб қилиш, янги ижодий истеъдодларга эътибор қаратишдир. Бу борада Қозоғистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилишдан айниқса манфаатдормиз. Улар билан биргаликда 30 та ташаббусни амалга ошириш ниятидамиз. 2024 йилда Қозоғистонда креатив индустрия бўйича Қозоғистон-Италия маданият марказини очишни режалаштирганмиз”, — деди элчи.

Сўнгги хабарлар