Қозоғистонда 2024 йилда хорижий ишчилар учун ажратиладиган квоталар сони маълум қилинди

Ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳар йили иш берувчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун квоталарни тасдиқлайди ва ажратади. 2024 йилда ажратиладиган квоталарнинг умумий сони мамлакатдаги ишчи кучининг 0,23 фоизини ёки 22 минг нафарни ташкил қилади, деб хабар беради Каzinform.

квота
Фото: gov.kz

“2024 йилда чет элдан ишчи кучини жалб қилиш учун 4 тоифа бўйича квоталар ажратилди: биринчи тоифага (раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари) 906 та рухсатнома, иккинчи тоифага (таркибий бўлим бошлиқлари) 5 054 та рухсатнома. Рухсатномаларнинг асосий қисми учинчи (мутахассислар) ва тўртинчи (малакали ишчилар) тоифаларига тегишли – мос равишда 10 786 ва 2 888 бирлик. Шунингдек, 2366 нафаргача ишчи мавсумий ишларга жалб этилиши мумкин”, – деб ёзади вазирлик.

Бундан ташқари, 2024 йилда меҳнат муҳожирларини уй хўжаликларида ишлашга жалб қилиш квотаси республикадаги меҳнат ресурслари сонига нисбатан 3,1 фоиз ёки 271,3 минг бирлик қилиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан хусусий ишчиларни жалб қилиш учун иш берувчиларга 14,5 мингта рухсатнома берилди ва узайтирилди, бу эса қайта тақсимланган квотанинг 78,5 фоизини (18 минг) ташкил этди.

“Ҳозирги вақтда Қозоғистон ҳудудида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари рухсати билан 13 183 нафар чет эл фуқароси меҳнат қилмоқда.

2023 йилда меҳнат муҳожирларини уй хўжаликларида ишлашга жалб қилиш учун 305,8 минг бирлик квота белгиланди. Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари эса 295 261 та рухсатнома берган”, – дейилади манбада.

Сўнгги хабарлар