Қозоғистонда 2024-2026 йилларда илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тасдиқланди
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида Олий илмий-техника комиссиясининг йиғилишида 2024-2026 йилларга мўлжалланган фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб.
Йиғилишни очар экан, Ҳукумат раҳбари кечагина Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти 2023 йил учун Глобал инновациялар индексини эълон қилганини таъкидлади.
Унда фан, таълим тизими ва инфратузилмага оид 80 га яқин кўрсаткичлар киритилган.
“Ҳиндистон ва Эрондан кейин Қозоғистон Марказий ва Жанубий Осиёдаги етакчи 3 та инновацион иқтисодиёт қаторига киради. Рақамли ривожланиш, фан ва олий таълим вазирликлари мамлакатимизнинг халқаро майдондаги мавқеини ошириш мақсадида олимлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва инфратузилмани ривожлантиришни давом эттириши керак”, — деди Алихан Смаилов.
ҚР Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбекнинг маърузасига кўра, халқаро тажриба, хусусан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Канада, Австралия, Малайзия, Испания ва бошқа давлатларнинг тажрибаси ҳамда белгиланган стратегик вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Давлат раҳбарининг Мурожаатномаси ва бошқа дастурий ҳужжатлар, илм-фанни келгуси йилларда ривожлантиришнинг олтита устувор йўналиши ишлаб чиқилди.
Миллий хавфсизликни таъминлаш йўналиши алоҳида кўриб чиқилади.
Умуман олганда, белгиланган устуворликлар доирасида:
сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
тупроқ сифатини сақлаш;
энергия хавфсизлигини таъминлаш (шу жумладан иссиқлик энергияси);
иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган манбаларни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
Муҳокама ва овоз бериш натижаларига кўра Олий илмий-техника комиссияси кўрсатилган усулларни маъқуллади.