Қозоғистонда 13 мингга яқин хорижлик меҳнат қилади

ASTANA. Kazinform – 2024 йил 1 февраль ҳолатига кўра, Қозоғистонда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари рухсатномалари билан 12 882 нафар чет эл фуқароси меҳнат қилмоқда. Бу ҳақда Кazinform агентлиги ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Меҳнат мигрантлари
Фото: ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги матбуот хизмати

Чет эл ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар қаторида қуйидаги тоифалар ажралиб туради: раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари учун 565 та рухсатнома (биринчи тоифа), таркибий бўлинма раҳбарлари учун 2671 та рухсатнома (иккинчи тоифа). Жалб этилган хорижий ишчиларнинг асосий қисми учинчи (мутахассислар) ва тўртинчи (малакали ишчилар) тоифаларига тўғри келади - мос равишда 5871 ва 595 киши. Шунингдек, мавсумий ишларга 564 нафар, корпоратив трансферлар доирасида эса 2616 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.

Қозоғистонда хорижий ишчи кучидан фойдаланадиган 1657 иш берувчи мавжуд. Уларда 456 мингдан ортиқ Қозоғистон фуқаролари ишлайди, бу эса умумий ходимлар сонининг 97,2 фоизини ташкил этади.

Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг кўп хорижликлар қурилишда – 4326 киши (33,5%), ишлаб чиқаришда – 1370 киши (10,6%), тоғ-кон саноати ва кончиликда – 1298 киши (10%), касбий, илмий ва техник фаолиятда – 843 нафар киши(6,5%), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги - 600 киши (4,6%) меҳнат қилмоқда.

Меҳнат мигрантларининг асосий келиб чиқиш мамлакатлари Хитой – 4045 киши (31,4%), Ҳиндистон – 1152 киши (8,9%), Туркия – 1110 киши (8,6%), Ўзбекистон – 673 киши (5,2%).

Ички меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳар йили республикага чет эллик мутахассисларни жалб қилиш учун квотани белгилайди ва тақсимлайди. 2024 йилда умумий квота республикадаги ишчи кучига нисбатан 0,23 фоиз ёки 22 минг бирлик қилиб белгиланган.

Сўнгги хабарлар