Қозоғистонда 10 йил ичида ОАВ сони икки баробардан зиёдга ошди

ASTANA. Kazinform — Сўнгги 10 йил ичида Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари (ОАВ) сони икки баробардан зиёдга ошиб, қарийб 5,5 мингтага етди. Бу ҳақда Astana Media Week форумида ҚР Маданият ва ахборот вазирининг биринчи ўринбосари Қанат Исқақов маълум қилди.

Қозоғистонда 10 йил ичида ОАВ сони икки баробардан зиёдга ошди
Фото: Kazinform/СИ

Бу йил ўзининг 10 йиллигини нишонлаётган форум «Медиа. Инсон. Сунъий интеллект: ўн йиллик ўзгаришлар ва ишончнинг янги тизими» мавзусига бағишланди.

Қанат Исқақовнинг таъкидлашича, 2017 йилда илк бор ташкил этилган Astana Media Week Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги муҳим медиа майдонларидан бирига айланган.

«Ўн йил аввал Қозоғистонда тахминан 2,5 мингта ОАВ рўйхатдан ўтган эди. Шу пайтда аҳолининг 75 фоизи интернетдан фойдаланган, янгиликларнинг асосий манбаи эса телевидение бўлган. Ҳозир мамлакатимизда қарийб 5,5 мингта ОАВ мавжуд, интернетдан фойдаланувчилар улуши эса 98 фоизга етди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг ахборот олиш одатлари ҳам ўзгарган. Ҳозирда қозоғистонликларнинг тахминан 45-50 фоизи янгиликларни ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали олади.

«Сўнгги 10 йилдаги энг катта ўзгариш — медианинг рақамли маконга кўчиши ва сунъий интеллект воситаларининг кенг қўлланила бошлаганидир. Ушбу икки омил медиа соҳасини тубдан ўзгартирди», — деди Қанат Исқақов.

Унинг таъкидлашича, Telegram, Instagram, YouTube ва TikTok ахборот тарқатишнинг муҳим каналларига айланган. Блогерлар ва ижтимоий тармоқлардаги машҳур шахслар анъанавий ОАВ билан рақобатлашиб, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатмоқда.

Қанат Исқақов сунъий интеллект медиа соҳаси учун янги имкониятлар очаётгани билан бирга, муайян хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқаришини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда Ҳукумат аъзолари, ҳокимлар ва таниқли журналистларнинг қиёфасидан фойдаланилган дипфейклар тарқатилган. Улар сиёсий фитна қўзғатиш ва фирибгарлик мақсадларида қўлланилган.

Қанат Исқақов шу муносабат билан медиа саводхонликни ошириш, ахборот манбалари махфийлигини сақлаш ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Astana Media Week форуми 14-16 октябрь кунлари бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди.