Қозоғистонда 1 нафар донорнинг органлари беш кишига муваффақиятли трансплантация қилинди
ASTANA. Kazinform - University Medical Center клиникаларида донор аъзоларини трансплантация қилиш бўйича операциялар муваффақиятли ўтказилиб, органлар трансплантацияси бўйича навбатда турган беш кишининг ҳаёти сақлаб қолинди, деб хабар беради ҚР Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Донор геморрагик инсультни бошдан кечирган 44 ёшли аёл эди ва шифокорлар кенгаши мия ўлимини тасдиқлади. Қийин вазиятда унинг қариндошлари бу қадамнинг муҳимлигини тушуниб, вафотидан кейин орган донорлигига рози бўлдилар.

UMC юрак марказида тиббий гуруҳ илгари механик қон айланишини қўллаб-қувватловчи қурилма LVAD ўрнатилган 43 ёшли беморга донор юрак трансплантациясини амалга оширди. Иккинчи беморга ўпка трансплантацияси ўтказилди. UMC Она ва бола марказида 15 ёшли қизга буйрак кўчириб ўтказилди. Барча қабул қилувчиларнинг аҳволи қониқарли, улар мутахассислар назорати остида реабилитациядан ўтмоқда.

Шунингдек, Астана миллий илмий онкология марказида беморларга иккинчи донор буйрак ва жигар кўчириб ўтказилди.

Донор органлар трансплантацияси - энг мураккаб операциялардан бири бўлса-да, тажриба, кўникма ва техник жиҳозлар мамлакатда уларни юқори савияда амалга ошириш имконини беради. Юрак ва ўпка трансплантацияси ўлимдан кейинги донорлардан фақат мия ўлими тасдиқланганда амалга оширилади. Бироқ, кейинги жараён кўпинча потенциал донорнинг яқин қариндошларининг қарорига боғлиқ.
Муваффақиятли орган трансплантацияси турли давлат ва тиббий хизматларнинг келишилган жамоавий иши. Трансплантация бўйича мутахассислар жамоаси биринчи навбатда донорнинг қариндошлари ва яқинларига, орган трансплантацияси бўйича бир қатор мураккаб операцияларни хавфсиз ўтказишда ёрдам берган барчага миннатдорчилик билдиради.