Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Ozon ва Alibaba учун логистика мажмуаси, G20 саммити ва 15 та янги ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш

ASTANA. Kazinform – Ҳафта якунида жаҳон интернет нашрларида эълон қилинган Қозоғистонга оид янгиликларни бир саҳифага жамладик. Улардаги хабарларнинг аксарияти дипломатик алоқалар ва халқаро савдо масалаларига бағишлангани кузатилади. Қозоғистоннинг G20 саммитига тайёргарлиги, Ozon ва Alibaba савдо платформалари учун логистика мажмуасини қуриш режаси ҳақида сўз боради. Батафсил Kazinform мухбири шарҳида ўқинг.

Қозоғистон жаҳон ОАВларида
Фото: Kazinform/СИ

Report: 15 та янги ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилади

Қозоғистонда нефть-газ саноати учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган 15 та янги корхона ташкил этилади. Жаҳон ва маҳаллий йирик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг умумий қиймати 37,7 миллиард тенгени ташкил этади. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида Энергетика вазири Ерлан Ақкенженов маълум қилди. Вазирнинг сўзларини Report агентлиги келтирди.

Вазирлик режасига кўра, корхоналар нефть-газ соҳасида талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Ҳозирда бундай товарларнинг 160 тури аниқланган.

Мазкур ташаббус нефть-газ секторини зарур ускуналар билан ўз вақтида таъминлаш ва маҳаллий кадрларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга хизмат қилиши керак. Янги заводлар маҳсулот турларини кўпайтириб, ички бозорда хорижий товарлар улушини камайтириш имконини беради.

Бундай ёндашув аввал ҳам ижобий натижалар берган. Вазирлик маълумотларига кўра, 2022-2025 йиллар оралиғида мамлакатда умумий қиймати 7,9 миллиард тенгени ташкил этувчи 10 та ишлаб чиқариш корхонаси маҳаллийлаштирилган ва 350 дан ортиқ янги доимий иш ўрни яратилган.

The Times of Central Asia: Ozon ва Alibaba савдо платформалари учун логистика мажмуаси қурилади

Петропавл шаҳрида майдони 102 000 квадрат метр бўлган логистика марказини қуриш режалаштирилмоқда. «Қизилжар» логистика маркази қурилишига йўналтириладиган инвестиция ҳажми 29 миллиард тенгедан ошади. Марказ товарларни, жумладан, Ozon ва Alibaba платформалари орқали сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва тақсимлаш учун фойдаланилади. Бу ҳақда The Times of Central Asia нашри хабар берди.

Бирлашган Араб Амирликларининг Royal Investment International инвестиция компанияси лойиҳани 18 ноябрда тақдим этди. Компания асосчиси Марат Салихов лойиҳани Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокими Ғауез Нурмухамбетов билан муҳокама қилган.

2025 йилда Қозоғистонда онлайн савдо ҳажми 19,4 фоизга ўсиб, 3,77 триллион тенгега етди. Унинг умумий чакана савдодаги улуши 14,3 фоизни ташкил этди. Савдо ва интеграция вазирлиги 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткични 20 фоизга етказишни мақсад қилган.

Шунингдек, Wildberries компанияси Қозоғистондаги омборхоналарини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Вазирлик компания расмий сўров юборган тақдирда, ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилган.

Reuters: Қозоғистон G20 саммити арафасида АҚШга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш учун FAA тасдиғини кутмоқда

Қозоғистон декабрь ойида бўлиб ўтадиган G20 саммитига қадар парвозлар хавфсизлиги бўйича Америка рейтингини олишга умид қилмоқда. Ушбу йиғилишда Қозоғистон Президенти ҳам иштирок этади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Қозоғистон транспорт вазири ўринбосари Талғат Ластаев сешанба куни АҚШга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имконини берадиган 1-тоифали хавфсизлик рейтингини бериш тўғрисидаги қарор декабрь ойида маълум бўлишини айтди.

Вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, сентябрь ойида Қозоғистонда ўтказилган аудитдан сўнг АҚШ Федерал фуқаро авиацияси бошқармаси (FAA) текширувининг дастлабки натижалари жуда яхши бўлган.

“Биз декабрь ойида, ушбу муҳим учрашув арафасида расман биринчи тоифани оламиз, деб ўйлаймиз”, – деди Талғат Ластаев.

Ҳозирги вақтда FAA томонидан Қозоғистонга нисбатан тасдиқланган рейтинг мавжуд эмас. Идора вакили FAA текширувлар тафсилотларига изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Мамлакат ҳукумати авиация тизимига инвестициялар жалб этиш орқали ҳаво транспорти ҳажмини ошириш ва иқтисодиётни ривожлантириш ниятида.