Қозоғистон жаҳон ОАВларида: Ҳарбий ислоҳот, автомобиль ишлаб чиқариш ва Швейцариядаги қозоғистонликлар маданий маркази
ASTANA. Kazinform — Одатдагидек, дунёдаги ахборот тарқатувчи интернет нашрлари Қозоғистондаги кўплаб воқеаларга эътибор қаратди. Ҳафта давомида мамлакатдаги ҳарбий ислоҳот ва Швейцарияда Қозоғистоннинг маданий-ишбилармонлик маркази очилиши ҳақида кўп ёзилди. Сўнгги ойларда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш суръатлари ҳамда рассом Гулнур Муқажанованинг кўргазмаси ҳам жамоатчилик эътиборини тортди. Батафсил маълумотни Kazinform мухбири шарҳида ўқинг.
Xinhua News: Қозоғистон янги альянсда кузатувчи мақомини олди
Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрида Осиё маданий меросини муҳофаза қилиш альянси кенгашининг IV йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш йиғилиши якунларига кўра, Қозоғистон ташкилотда кузатувчи давлат мақомини олди. Бу ҳақда Хитойнинг Xinhua News ахборот агентлиги хабар берди.
Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Айбек Сидиқов ўз нутқида Қозоғистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги ҳақида гапириб, Альянс билан ҳамкорликни уч йўналишда ривожлантиришни таклиф қилди. Улар қуйидагилардан иборат: мутахассислар тайёрлаш ва тажриба алмашиш, рақамли технологиялар ҳамда сунъий интеллект ёрдамида тарихий ёдгорликларни масофадан кузатиш, шунингдек, Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган объектларда қўшма археологик ва илмий тадқиқотлар ўтказиш.
Қозоғистон делегацияси IV Лянчжу форумининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Форумда ЮНЕСКО, ИККРОМ, ALIPH ва Иберо-Америка давлатларининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти вакиллари қатнашди.
Report: Енгил автомобиллар ишлаб чиқариш 38 фоизга ошди
2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Қозоғистонда 136 548 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга кўп. Бу ҳақда Report нашри хабар берди.
Сентябрь ойида мамлакатда 19 377 та енгил автомобиль ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқариш ҳажми 2025 йил сентябрь ойига нисбатан 66,4 фоизга, жорий йилнинг август ойига нисбатан эса 35,5 фоизга ошди.
Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқариш билан 12 та корхона шуғулланади. Енгил автомобиллар ишлаб чиқаришнинг асосий қисми Алмати шаҳри ва Қостанай вилояти ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг улуши мос равишда 50,5 ва 49,5 фоизни ташкил этади.
2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида «Автомобиллар, тиркамалар ва ярим тиркамалар» тоифасидаги саноат маҳсулотлари ҳажми пул ифодасида 1,67 триллион тенгега етди. Ушбу тоифа бўйича саноат ишлаб чиқариш индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 129,9 фоизни ташкил қилди.
The Times of Central Asia: Ҳарбий ислоҳот режаси тақдим этилди
Каспий денгизидаги ҳарбий ўқув машғулоти вақтида содир бўлган фожиали воқеадан кейин Қозоғистон ислоҳотларни амалга оширишга киришди. Яқинда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида иштирок этиб, янги ислоҳот режаси лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда The Times of Central Asia нашри хабар берди.
Ислоҳот қисқа муддат ичида замонавий, ҳаракатчан ва технологик жиҳатдан ривожланган армияни шакллантиришга қаратилган. Келгусида муддатли ҳарбий хизмат икки босқичдан иборат бўлади. Ҳарбий хизматга чақирилганлар дастлабки олти ой давомида ўқув марказларида тайёргарликдан ўтади. Кейинги олти ойда эса бевосита ҳарбий қисмларда хизмат қилади. Бу босқичда жанговар тайёргарликка ва бўлинмалар таркибида вазифаларни бажаришга устувор аҳамият берилади.
Шунингдек, ислоҳот доирасида Қуролли Кучларнинг тузилмаси ва таркиби, бошқарув ҳамда мудофаани режалаштириш тизими такомиллаштирилади. Яқин вақт ичида учувчисиз тизимлар кучларини ташкил этиш режалаштирилган.
Jiji Press: Швейцарияда Қозоғистоннинг маданий-ишбилармонлик маркази очилди
21 октябрь куни Швейцариянинг Шаффхаузен шаҳрида Швейцария–Қозоғистон маданий-ишбилармонлик маркази очилди. Марказ Eurasia Group компанияси ташаббуси ва Қозоғистон Республикасининг Швейцариядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Jiji Press нашрининг ёзишича, марказнинг асосий йўналишларидан бири Қозоғистон маҳсулотларини Швейцария ва бошқа халқаро бозорларга олиб чиқишдан иборат бўлади. Жумладан, металлургия, агросаноат, озиқ-овқат ва кимё саноати маҳсулотларини илгари суришга устувор аҳамият берилади. Қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар билан хорижий импортчилар ва савдо тармоқлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқалари йўлга қўйилади.
Инвестициявий ҳамкорлик билан бир қаторда, Қозоғистоннинг тарихий-маданий ўзига хослигини тарғиб қилишга ҳам эътибор қаратилади.
Euronews: Рассом Гулнур Муқажанова Лондонда «Босаға» асарини тақдим этди
Қозоғистонлик рассом Гулнур Муқажанова Frieze London 2026 кўргазмасида «Босаға» номли тўқимачилик асарлари туркумини тақдим этди. Муаллиф мато орқали миллий ўзлик ва келажакка интилиш ғояларини маҳорат билан ифодалаган. Шу муносабат билан Euronews телеканали санъаткор ҳақида махсус дастур тайёрлади.
Frieze London дунёдаги энг нуфузли санъат ярмаркаларидан бири ҳисобланади. Бу йил ушбу тадбирда Қозоғистонда туғилган ва Берлинда яшовчи рассом Гулнур Муқажанова иштирок этди. Рассом 2021 йилда «Босаға: мәдениет пен уақыт шеңберіндегі саяхат» номли лойиҳасини бошлаган. Бу сафар эса у ўзининг «Босаға» номли энг яхши триптихини томошабинларга тақдим этиш имконига эга бўлди.